Бой тарих, замонавий қиёфа, мамнун чеҳралар – меҳнаткаш ва бунёдкор андижонликлар ҳаётидан фоторепортаж

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Хабарингиз бор, шу кунларда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ижодий жамоаси Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлиб турибди. Мақсадимиз, Андижон халқининг ўзига хос ҳаёти, меҳнаткаш инсонлари, табиати ва инфратузилмасини ўзида акс эттирган маълумотлар билан бўлишиш. Кун давомида вилоятнинг турли манзилларида бўлдик. Деҳқонлар билан суҳбатлашдик, маҳаллаларда бўлиб, иссиқхоналар, полиз экинлари, болалар боғчаси ҳамда «Ватанпарвар» боғига ташриф қилдик.

Дастлабки манзилимиз Андижон тумани Садда таги маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Ҳалол меҳнат қилиб, юртга ризқ улашаётган деҳқонлар бизни очиқ чеҳра ва самимийлик билан кутиб олишди. Ушбу маҳаллада 200 дан ортиқ оила аҳил ва иноқ истиқомат қилмоқда. Эътиборимизни тортгани, ушбу ҳудуддаги ҳар бир оилада мўъжазгина иссиқхоналар ташкил этилган ва уларда помидор, бодринг каби полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Айрим инсонлар эса гулчилик, паррандачилик ҳамда асаларичиликни ҳам йўлга қўйган бўлиб, бунинг ортидан мўмайгина даромад топишмоқда. Ерга меҳр берган бу инсонларнинг рўзғори бут, турмуши фаровон.













Навбатдаги манзилимиз 2021 йилда қурилиши бошланган Янги Андижон шаҳарчаси бўлди. 4 минг гектар қурилиш майдонида ҳозирча 63 та кўп қаватли уй, мактаб ва болалар боғчаси ҳамда поликлиника қад кўтарган.
Маълумки, Андижон — Ўзбекистондаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудуди бўлиб, Ўзбекистоннинг 10 фоиз аҳолиси 1 фоиз ерида яшайди. Шу боис давлат раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда ушбу янги шаҳар қурилиши бошланганди.
Жорий йилнинг 15 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Андижон шаҳарчаси лойиҳасининг илк натижаларини бориб кўриб, ҳудуд билан танишган эди.

Ушбу шаҳар Андижон туманидаги адирликда, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган 4 минг гектар майдонда қурилмоқда. Қурилиш саккиз босқичда режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 1770 та хонадонли 63 та уй фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 1680 ўринли мактаб, 420 ўринли болалар боғчаси, 250 қатновга мўлжалланган поликлиника қурилган. Иншоотлар, йўл, электр энергияси, табиий газ, сув, иссиқлик каби зарур тармоқлар билан таъминланган. Ичимлик суви етказиб бериш учун сиғими тўрт минг метр куб бўлган сув сақлаш ва узатиш иншооти ишга туширилган.
Президент ҳудудга ташрифи доирасида Янги Андижон шаҳарчасига Заҳириддин Муҳаммад Бобур шарафига Бобур шаҳри номини беришни таклиф қилган эди.
Ҳозирда тайёр хонадонларнинг кўпчилигига оилалар кўчиб келган. Ишлар давом эттирилиб, бу йил мингдан зиёд хонадонли яна 40 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган.
Шаҳарчада янги кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг фарзандлари учун барпо этилган 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти билан танишдик. 420 ўринга мўлжалланган ушбу муассаса энг сўнгги технологиялар ва меъморчилик андозалари асосида қурилган. Тарбиячиларнинг эътиборида бўлган кичкинтойларнинг кўзларидаги қувонч келажак сари ишончли қадамдир.





Бундан ташқари, 19 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» боғи қурилиб, ўн минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари, бута ва гуллар экилган. У Амфитеатр, дам олиш жойлари, декоратив йўлаклар, кафелар, болалар ўйингоҳи, ёритиш тизимларига эга. Бу ерда «Ватанпарвар боғи», «Ватанга қасамёд» монументи, музей, концерт ва томоша майдонлари мавжуд.
Ҳудуднинг 1439 гектарида 2 мингта кўп қаватли турар жой қурилади. Шунингдек, кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, 1820 гектарда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Қурилишлар битгач, бу ерда 410 минг нафардан зиёд аҳоли яшаши мумкин бўлади.

Ушбу ҳудуд яқинида бунёд этилган «Ватанпарвар» боғи навбатдаги манзилимиз бўлди. Мазкур боғ нафақат ҳордиқ чиқариш, балки тарих билан юзма-юз келиш имконини берувчи тарбия маскани ҳамдир. Боғ ҳудудида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг очиқ осмон остидаги экспозицияси жойлашган. Бу ерда «Ватанга қасамёд» монументи ҳам ўрнатилган бўлиб, унинг атрофида ватанимиз озодлиги учун жон фидо қилган мард ва жасур ўғлонларнинг хотираси абадийлаштирилган. Бу ерга кирган ҳар бир инсон тарих саҳифаларини кўз олдидан ўтказади, тинчлик қадрини теранроқ ҳис этади.


Шаҳар марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги истироҳат боғи ҳам доим одамлар билан гавжум. Боғ ҳудудида шоҳ ва шоирнинг рамзий қабри ва унинг номи билан аталувчи музей фаолият юритмоқда.













Кун ботгач, Андижон шаҳрининг бошқа бир қиёфаси — чироқлар нурида чарақлаган кўчалар, сокинликда жилваланаётган архитектура, шаҳарнинг гўзал тунги ҳаёти кўз ўнгимизда намоён бўлди.















Юнус БЎРИЕВ, Отабек САИДАҲМАДОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг