Боғдаги “доғ”лар

15:46 14 Январь 2026 Жамият
148 0

Ёзнинг жиззаки саратонида соя-салқин бағрига чорлайдиган Фарғона шаҳри кўчалари энди тарих саҳифаларида қолиб бораётгандек. Бир пайтлар шаҳар рамзи саналган азим чинорлар кесилиб, ўрнига ёш ниҳоллар экилди. Аммо асосан хориждан келтирилган бу дарахтлар ҳали шаҳарга тўлиқ салқин бахш этишга улгургани йўқ.

Яхшиямки, Фарғонанинг ўзига хос тимсоли — Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғида қадрдон чинорлар сақлаб қолинган. Бироқ бугун боғнинг нафақат дилкушо табиати, балки ҳар бир ҳудуди — йўлаклари, ариқлари, хиёбонлари, гулзорлари ҳам жиддий эътиборга муҳтож.

— Эрта тонгдан боғ ҳудудини тозалаш учун 22 нафар ходим меҳнат қилади. Ҳар куни ўртача 1 тонна чиқинди йиғиб олинади, — дейди “Кўкалам-1” бригадаси раҳбари Фурқат Раҳмонов. – Шунга қарамай, саҳар чиннидек тозаланган ҳудудлар кечга бориб елим идишлар, егулик қолдиқлари, тамаки қутилари ва қоғозлар билан тўлиб кетади. Ҳолбуки, ҳар бир йўлак бўйлаб ахлат қутилари ўрнатилган. Афсуски, чиқиндиларни ўша қутига ташлаш масъулияти кўпчилигимизда ҳали шаклланмаган.

Дарахтларга шикаст етказиш, гулзорларни пайҳон қилиш, ахлатни ариқ сувига ташлаш ҳолатлари эса янада ачинарли. Боғ ҳудудида тезтайёр егулик сотувчи шохобчалар кескин кўпайган. Аммо маҳсулот сифати, санитария-гигиена талаблари ва савдо хавфсизлиги масалалари очиқ қолмоқда. Гўёки қоидабузарлик бор, аммо қоидабузар йўқдек.

Яна бир мулоҳаза: қаерда кўнгилочар маскан бўлса, ўша жойда ошпазу қандолатчилар кўпайиб кетади. Боғ манзарасини кузатган сайёҳда халқимизнинг гўё қорин ғамидан бошқа ташвиши йўқдек таассурот уйғонади. Хизмат кўрсатиш маданияти ва истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалалари эса ҳануз долзарб.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар сайилгоҳи” эътиборга молик. Бироқ унинг салмоқли қисми ҳам фойда илинжидаги тамаддихоналар томонидан эгаллаб олинган. Сокин дам олиш учун келган инсон баланд шовқин ва мазмунан саёз мусиқалар орасида асабийлашиши табиий.

— Ҳозирда боғда 77 та хўжалик юритувчи субъект ва 31 та аттракцион фаолият юритмоқда. Эски ва хавфли қурилмалар янгиланмоқда, аммо соҳани ривожлантириш учун ягона концепция зарур, — дейди боғ директори Абдулатиф Аҳмедов. – Ўтган йили боғни замонавий мезонлар асосида ободонлаштириш, инвестиция жалб этиш режалари эълон қилинган эди. Бу фарғоналикларда катта умид уйғотди. Аммо ҳозирча амалий натижа сезилмаяпти. Аксинча, боғ ҳудуди турли қурилишлар ҳисобига қисқариб бормоқда.

Экологик барқарорлик издан чиқаётган бугунги кунда шаҳар марказидаги бундай яшил масканни кўз қорачиғидек асраш — ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер