Боғбонин унутмас назм боғлари

11:24 18 Февраль 2022 Маданият
3184 0

Фото: Халқ сўзи

Қисқа умр кўришига қарамай, миллий адабиётимиз учун арзирли ижодий мерос қолдирган Усмон Носир ҳақида унга замондош шоир Туроб Тўла шундай таъриф берган эди: «Усмон шеъриятимизга шамолдай кириб келди. Балки бўрондай! У шундай тўполон ва тўлқин билан келдики, унча-мунча шеърий услуб ва ижодни тўс-тўс қилиб юборди. Уни ўзимизда «Ўзбекнинг Лермонтови», Москва газеталарида «Шарқда Пушкин пайдо бўлди» деб ёзишди».

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг сентябрь ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида оташин шоирни ёдга олиб, «Усмон Носир айни ижодий куч-қувватга тўлган 25 ёшида қамалиб, қатағон қилинди. Чунки мустабид тузум бундай миллатпарвар, ватанпарвар инсонларни ўзининг энг ашаддий душмани, деб ҳисоблар эди. Шунинг учун ҳам шоир умрини қамоқхоналарда азоб-уқубатда ўтказиб, 1944 йили 32 ёшида вафот этади. Келгуси йили юртимизда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносиб нишонланади. Шу муносабат билан Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижодини янада кенгроқ ўрганиш, асарларини нашр қилиш, жумладан, пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ҳайкалини ҳамда Россиянинг Кемерово ўлкасидаги шоир дафн этилган масканда ёдгорлик ўрнатиш кўзда тутилмоқда», деган эди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 февралдаги «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ўзбек шеъриятига янгича оқим олиб кириб, унга ўз ҳиссасини қўшган умрбоқий ҳамюртимиз ижодини ўрганиш, тадқиқ этиш, номини абадийлаштиришда янги давр очди. Жойларда қарор ижроси доирасидаги амалий ишлар бошлаб юборилди. Кеча Наманган шаҳридаги Адиблар хиёбонида вилоятдаги олимлар, ижодкор ва зиёлилар, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир ўлмас шоирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланди.

— Ҳамон шеърият мухлислари қалбида навқирон сиймоси билан яшаб келаётган Усмон Носир «унутмас боғим...» деб ёзганида нақадар ҳақ бўлгани гувоҳи бўлиб турибмиз, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансуров. — Бугунги мулоқот шоир таваллудига бағишланган кенг қамровли тадбирларнинг бошланиши. Олдинда шеърият ихлосмандларини, бутун наманганликларни мазкур йўналишда унутилмас маърифий тадбирлар кутиб турибди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер