Биз бугун ишга тушираётган барча лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаб, келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади — Шавкат Мирзиёев
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этаётган энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида аҳолининг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар жадал давом эттирилиши таъкидланди.
Янги йилда Хитой тажрибаси асосида 300 та маҳалла ҳудудида аҳоли билан кооперация орқали 107 мегаваттли қуёш станциялари ўрнатилади.
Мазкур ижтимоий лойиҳа кенг жорий этилиб, 30 мингта камбағал оилага «яшил» энергия кириб боради. Улар ўз эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини тармоққа узатиб, даромад топади.
Тадбиркорлар ҳам сув ресурсларидан унумли фойдаланиб, жорий йил 40 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар қуришди. Натижада 120 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва улар қўшимча даромад манбаига эга бўлди.
Кейинги йилда 65 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар барпо этилади. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 80 мингта хонадонда электр таъминоти тубдан яхшиланади.
«Яқинда Бразилияда ўтган COP-30 иқлим конференциясида биз ўз ташаббусимиз билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммамизга олдик. Яъни 2035 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик», деди Президентимиз.
Бу борада Жаҳон банки билан дунёда илк инновацион «ICRAFT» лойиҳаси бошланди. Унинг доирасида Ўзбекистон томонидан камайтирилган 23 миллион тонна иссиқхона гази ҳисобга олинди. Халқаро даражада углерод бирликлари савдосини амалга оширишга киришилди.
Шу йилнинг ўзида 17 та йирик саноат корхонаси «яшил» энергия бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Келгуси икки йилда бундай корхоналарнинг сони 100 тага етказилади.
Президентимиз қўшни давлатлар билан ягона энергетика бозорини яратиш бўйича шериклик мустаҳкамланганини қайд этди.
«Минтақамизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан «Қамбар-ота ГЭС-1» лойиҳасини молиялаштиришга киришамиз.
Шу ўринда Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича «яшил йўлак» лойиҳаси доирасида яқиндан ҳамкорлик қилаётган Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этмоқчиман.
Биз бугун ишга тушираётган барча лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаб, келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади.
Бундай жадал ҳаракатларимиз ва ташаббусларимиз билан биз янгича моделдаги замонавий энергетика тизимини, албатта, тўлиқ барпо этамиз.
Мазкур лойиҳаларда фаол иштирок этаётган энергетика соҳаси вакилларига, барча ишчилар, муҳандислар ва хорижлик ҳамкорларимизга яна бир бор самимий миннатдорчилик билдираман», деди давлатимиз раҳбари нутқининг якунида.
Маросимда ҳамкор мамлакатлар энергетика вазирлари ва компаниялар раҳбарлари сўзга чиқди.
Ўзбекистон Президенти рамзий дастакни босиб, 42 та энергетика объектини ишга туширди ва 21 та янги лойиҳа қурилишини бошлаб берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Саида Мирзиёева Доҳадаги кино фестивалга ташриф буюрди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг