Бир уммонки, дуру жавоҳири асло тугамас...

Фото: Халқ сўзи
Адабиётшунослар, шоир ва ёзувчилар, санъат аҳли, умуман, мутолаани, адабиётни севган инсон борки, элимизнинг буюк фарзанди – Алишер Навоий ижодиётини ўқиб-ўрганади, уммонга қиёс қилгулик бебаҳо хазинадаги дуру жавоҳирлардан завқу баҳра олишга савқи табиий интилади. Зотан, бу улуғ мутафаккир битган ҳар бир сатрда на замону на макон танлайдиган туйғулар, теран ғоялар, юксак фикр ва қарашлар мужассам. Навоий ижоди Ер юзининг турли нуқталарида ҳам севиб ўқилиб, чуқур илмий тадқиқотлар олиб борилиши, қатор тилларга доимий равишда таржима қилиниши ҳам бежиз эмас.
Буни қарангки, Фарғона шаҳрида жойлашган Президент мактабида таълим бераётган Канада, Буюк Британия ва Филиппиндан келган ўқитувчилар ҳам Навоий асарларининг шайдоси экан. Улар бобокалонимиз таваллудининг 581 йиллигига бағишлаб Фарғонада ўтказилган байрам тадбирида шоир ғазалларини ёддан ўқидилар. Мушоирани Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари давом эттирди.
Бугун эрта тонгда Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, зиёлилар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова, филология фанлари доктори, навоийшунос олим Ҳабибулло Жўраев Навоийнинг ўлмас мероси, уларда улуғланган ғояларнинг халқимиз, ёш авлод тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида урғу бердилар.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг