Бахтим шул – Ўзбекнинг Зулфиясиман

14:24 01 Март 2024 Жамият
414 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

…Қиш изғиринлари ортда қолиб, рўйи замин ям-яшил кўклам либосига буркана бошлаган баҳорнинг илк кунида — Адиблар хиёбонида ташкил этилган анжуман иштирокчилари юз-кўзида мамнуният, қалбида миллий ғурур, нафосатга ошуфталик ҳисси барқ уради.

Ўзбек адабиёти бўстони ҳуснига ҳусн қўшган ижодкор, меҳру муҳаббатга тўла шеърлари билан халқимиз қалбидан муносиб ўрин эгаллаган ҳассос шоира Зулфия таваллудини кенг нишонлаш, унинг хотирасига ҳурмат, бой меросига эҳтиром ва улуғ сиймолар олдидаги маънавий масъуллик туйғуси ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини бу ерга жамлади.

“Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман” деб номланган тадбир Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди.

Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда адабиётни ривожлантириш, ёш авлод қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар жараёнида марҳум устоз ижодкорлар хотирасини абадийлаштиришга, меросини чуқур ўрганишга, тарғиб этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, ҳассос сўз санъаткори Зулфия ҳаёти ва ижоди давлатимизнинг, адабиётшунос-олимларнинг, бутун халқимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Шоира номидаги давлат мукофоти таъсис этилгани, Адиблар хиёбонида унга ҳайкали ўрнатилгани, юртимиздаги кўчалардан бирига номи берилгани ҳам шоирага бўлган ҳурмат-эҳтиром рамзидир.

Атоқли ижодкорнинг Ватан мадҳи, халқимизнинг орзу-умидлари, севги ва вафо, оқибат ва садоқат, ҳақиқат ва адолат туйғулари тараннум этилган ҳароратли шеърлари бугун ҳам севиб ўқилмоқда.

Тадбирда шоира қаламига мансуб шеърлар ўқилди, қўшиқлар куйланди.

Тошкент тиббиёт академияси томонидан ёш рассомларнинг баҳорий расмлар кўргазмаси ҳамда китоблар ярмаркаси ташкил этилди. Олий ўқув юртида таъсис этилган Зулфия номидаги махсус стипендия совриндорларига кўкрак нишонлари топширилди.

— Зулфия шеърларининг маънавий камолотимизга таъсири, аҳамияти беқиёс, — дейди кўкрак нишон соҳибаси Диёра Шербекова. — Эсимда, дастлаб шоира ижоди билан мактаб дарсликларида танишганмиз, улар катта таассурот қолдирган ва мактабимиз кутубхонасидан бир қанча китобларини топиб ўқиганман. Шу-шу ижодкор шеъриятига мафтун бўлдим. Бугун эса мана Зулфия номидаги стипендияга лойиқ кўрилдим. Бу ютуқ қувонч бағишлаши билан бирга масъулият ҳам юклайди. Зулфия шеъриятини, ҳаёт йўлларини ўрганиш биз, ёшларга катта мактабдир.

Анжуманда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг бадиий чиқишлари ҳам даврага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?