Бадиият олами

Фото: Архив сурат
Мамлакатимизда «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар силсиласида адабиётни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидорларни кашф этиш ва тарбиялашга қаратилган ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Зотан, инжа санъат халқнинг маънавий-руҳий озуқасидир. Бадиий сўз қудрати инсон қалбини нафақат поклайди, балки тафаккур оламини ёритади, орзу-умидлари рўёби сари қанот бўлади, уни янги-янги марралар сари рағбатлантиради.
www.xs.uz сайтимизда «Бадиият олами» рукнининг ташкил этилишидан кўзланган эзгу мақсад-муддао ҳам шу. Ўқувчиларга ушбу рукн остида ёзувчи-шоирлар, адабиёт бўстонига энди қадам қўяётган ёш ижодкорлар асарларидан туҳфа этиб борамиз.
Муштарийларимизни халқимизнинг маънавий савиясини янада ошириш, дидини юксалтириш, уларни бадиий сўзнинг бепоён жилвасидан баҳраманд этиш, орзу-умидлари рўёби томон олға интилишга ундаш, руҳлантиришдек эзгу ишларга камарбаста бўлишга чорлаб қоламиз.
Шукур ҚУРБОН
* * *
Худодан қўрқишдек баҳодирлик йўқ,
Бандаи ожизликдай қодирлик йўқ,
Охиратни ўйлаб босилса қадам,
Йўлда ҳам, дилда ҳам ғашлик, кирлик йўқ.
* * *
Кимки хизматин қилиб кекса ота-онасин,
Ё улардан бирининг дуосин ололмаса,
Бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин,
Бурни ерга ишқалансин, жаннатий бўлолмаса.
* * *
Раҳмат нури ёғар сенга — жуфти ҳалолинг билан
Меҳр ҳамда муҳаббат-ла тўқнашса нигоҳларинг
Ва яхши сўз айтсанг унга, ушласанг қўлларидан
Бармоқларинг орасидан тўкилар гуноҳларинг.
* * *
Суюмлироқ, дема, азизроқ, дегил,
Дунёда фарзандсиз кўнгил яримдир.
Ҳидлаш учун сен ҳам бўйнига эгил,
Дегил, болаларим райҳонларимдир.
ШАЙТАНАТ
(Адиб Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» видеофильмида айтилган қўшиқ)
Ҳаёт-гулзор, дея, кездим, тиконлари чиқди йўлдан,
Нада тиконлари, турфа илонлари чиқди йўлдан.
Тилинди қалб, шилинди тил, балои нафс бўлди ғолиб,
Қиморга бой берилди ор, пушмонлари чиқди йўлдан.
Кўнгил бердим ёра ногоҳ, ахтариб мен тасаллолар,
Заҳарханда қилди ағёр, ёмонлари чиқди йўлдан.
Замон Ҳаққа тегишли, деб неча фурсат қилдим сабр,
Чектириб оҳ, неча соҳибзамонлари чиқди йўлдан.
Бу бир қисмат, дедим, балки пешонамга ёзилгани,
Худо урган Шайтанатнинг шайтонлари чиқди йўлдан.
Борми бирор ҳайрихоҳим ва ё ҳамдард? Муҳаббатнинг
Тоҳир Малик, Шукурдайин қурбонлари чиқди йўлдан.
Гавҳар ИБОДУЛЛАЕВА
* * *
Бунча сўроқлайсиз севасанми деб,
Сизни севдим дейиш осон эканми?
Тилларим увушса, жоним увушса,
Севги дилга ботган санчиқ, тиконми?
Сизни ўйлар бўлсам, лаҳзалар йилдек,
Кун-куним сихласа, умрим тиғласа.
Киприк қоқолмасам тунлар ғам босиб,
Кипригим устида соғинч ухласа.
Сизга юрар бўлсам, йўлим гулласа,
Руҳимда бошланса Наврўз айёми.
Дилим оқиб кетса мендан илгари,
Севги қирғоқ билмас тошқин дарёми?
Сизни кўрар бўлсам, ўз дунём абас,
Дилни пораласам, бағримни тилсам.
Майли, кўрмасамда, майли, етмасам,
Ҳажрингиз малолин бўйнимга илсам!
Сизни топар бўлсам, ўзни йўқотсам,
Жонимга ёприлса ҳислар қуюни.
Илкис довдирасам, тинсам, тутилсам,
Бошим гангиса бу бахтдан суюниб.
Сизга талпинишдан толмаса юрак,
Охири бўлмаса бу ширин тушнинг.
Айтинг, нима қилсин, айтинг, не десин,
Забони бўлмаса шўрлик бу қушнинг?
Бунча сўроқламанг севасанми деб,
Сизни севдим дейиш осон эканми?..
* * *
Сулув йигит, ҳув йигит,
Гоҳ маъсум, гоҳ қув йигит,
Умр – оқар сув, йигит,
Қайтмас имкон муборак!
Шаҳло кўзим, ёш кўзим.
Эгилдику бош, кўзим.
Нечун жимсан, тош, кўзим,
Жон ўртар он муборак!
Қора сочим, тун сочим,
Гоҳ алиф, гоҳ нун сочим,
Бу не қора кун, сочим,
Зулф паришон муборак!
Хазон кўнглим, боғ кўнглим,
Гоҳ жарлик, гоҳ тоғ кўнглим,
Қаён боқсам доғ кўнглим,
Мангу ҳижрон муборак!
Ўксик бағрим, хуш бағрим,
Қулочи оққуш, бағрим,
Бу ўнгми ё тушь, бағрим,
Лиммо-лим қон муборак!
Чиройли қиз, гўзал қиз,
Кулгичлари – ғазал қиз,
Муҳаббат йўқ, азал, қиз,
Гўзал армон муборак!…
Чиройли қиз, гўзал қиз,
Сулув йигит, ҳууу-в йигит!..
Муҳаммад СИДДИҚ
* * *
Ёлғон сўзлаяжак сендан бошқаси –
Нечун бағринг тўла оғир хўрсиниқ?
Эй оҳу, бунчалар қаён шошасан,
Кел, сўйла!
Тинглайин,
Фақат бир сенинг
Сўзинг шайдосиман.
Ахир, истамасман қолмоқни узоқ,
Кетайлик, муҳаббат фасли биздадир!
Қай сори йўл солмай қўярлар тузоқ...
Менинг умрим надир?
Ҳатто қисқадир
Қошинг аросидан.
Бир томчи ёшингга кетайда садқа,
Эй менинг озурда, ҳам зада кўнглим.
Ҳақни – ичингдаги нолангни алқаб,
Айтгил, толиқдингми
Сенам, эй мунглим
Дунё ғавғосидан?!
Зулмат лашкарлари борар айқириб,
Қара, теграмизни! Қабоҳат енгган...
Кел энди!
Энг сўнгги бора қайрилиб,
Умид боғларида
Куйлаб бер менга
Қушлар навосидан.
Ферузшоҳ НEЪМАТУЛЛАЕВ
* * *
Дарбадар
Кезарман шайланиб.
Фалакдан тўкилиб тушган ҳар
Музлаган япроққа айланиб.
Тўлмади,
Тинмади хасталик.
Осмоннинг ёшини, билмадим,
Қайси бир ер учун асрадик...
Ёришди
Қаро тун солланиб.
Илғадим халқимдек қоришган
Сочимга илинган жонларни.
Сукунат
Порлади кўзимда.
Ўзимга тўйдиму, мен фақат,
Тўймадим ўзимнинг сўзимга.
Осондир
Ҳаёллар айтари.
Кетарман ва лекин қачондир
Оппоқ тонг мен бўлиб қайтади...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг