Аёл асаларичилар маҳалласи ҳақида эшитганмисиз?
Пахтачи туманидаги Тадбиркор маҳалласи аёллари шифобахш асал етиштириб, эларо машҳур бўлиб бормоқда. Эътиборли жиҳати аёллар асаларичиликни маҳалланинг драйверига айлантиришган.
Масалан, Зуҳрахон аяни олайлик. Бу тиниб-тинчимас аёлни ҳеч ким 60 ёшни қаршилаган демайди. Онахоннинг айтишига кўра, маҳаллада аёллар асаларичилик сир-синоатини пухта эгаллаб олишган. Ҳозирда деярли барча хонадонларда 5-6 қутидан асалари парваришланади. 20 нафар қишлоқ аёли ҳовлисида 15 қутидан то 30 қутигача асалари оиласи бор.
— Асаларичилик меҳнати оғир, ўзига яраша қийинчиликлари бўлгани билан даромади ҳам шунга яраша яхши, — дейди Зуҳра Муҳаммадиева. — Масалан, бизни ўзимиз ҳар йили асал етиштириб ўртача 15-20 миллион сўм қўшимча даромад оляпмиз. Асаларичилик аёллар учун ҳам қизиқарли ва қулай касб эканини хотин-қизларимиз аллақачон исботлаб қўйган. Сабаби асалари тозаликни яхши кўради. Саранжом-саришта жойда яхши ривожланади. Шу жиҳатдан бу касб аёлларга жуда мос келмоқда.

Маҳалладаги ҳатто 70 ёшдан ошган Шаҳзода аянинг ҳам асаларичиликда яхши тажриба тўплаган, касбнинг миридан-сиригача билади. Набираларини ҳам ари боқишга ўргатмоқда.
— Бу касбни қишлоқда асаларичиликни кенг ёйган Муҳаммад бобомдан ўрганганман, — дейди Шаҳзода Муҳаммадиева. — Асални асосан ўзимиз ва яқинларимиз учун етиштирамиз, эҳтиёжмандларга берамиз. Ундан ортсагина сотамиз. Маҳалламиз аёллари асаларичиликни ҳадисини олган. Унинг сир-асрорларини бошқа маҳаллаларга ҳам бориб ўргатиб келишади.
Ҳозирда энг фаол асаларичи аёллардан бири Саодат опа Абдуллаева асалнинг инсон организми учун фойдали жиҳатлари ҳақида гапириб берди. Қизиқарли жиҳати шундаки, пандемия даврида қишлоқда бирон киши коронавирус билан касалланмагани, ҳозирда ҳам маҳаллада ётиб қолган оғир беморлар йўқлиги, барча кекса ёшдагилар ҳам бардам, бақувватлигининг сабаби шу асал билан боғлиқ эканлигини таъкидлади.

— Бежизга асални минг дардга даво дейишмайди, — дейди Саодат Абдуллаева. — У иммунитетни кўтаради, организмни тозалайди. Узоқ-яқиндан одамлар келиб атайлаб асаларига ўзларини чақтириб кетишади. Асаларининг заҳри ҳам шифо-да.
Бир сўз билан айтганда Пахтачи туманидаги Тадбиркор маҳалласи аёллари томорқа ишлари, кир-чир, мол-ҳолдан ортиб асаларичилик билан ҳам шуғулланишни уддасидан чиқаётгани ибратга молик. Оила даромади, тўкинлик ва фаровонлик яратаётган бу тадбиркор аёллар тажрибаси маҳаллалар ўртасида кенг ёйишга арзигуликдир.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг