АСРА

Абдусаид КЎЧИМОВ
Қатра симобдай титраб, қалқиб турибди дунё,
Мезон сингари идраб, салқиб турибди дунё,
Куйган қуёшдек хира балқиб турибди дунё...
Чанг-тўзонли замонда, нону тузингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Асрий саҳро, чўлларда қутурмоқда тошқинлар,
Қариндошдан қондошга қирғинлару босқинлар,
Имога шай турмишлар Ялавочлар — сотқинлар...
Фосиқ дастурхонидан нону тузингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Мустақиллик, озодлик қорбободан совғамас,
Не-не жасур алпларга ғанимлар қилмади қасд,
Эҳ! Бугун ҳам оз эмас, тулки мижоз айёр кас...
Нафси олчоқ, қаллобдан нону тузингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Буюк аждодларингдан мерос эрур бу замин,
Емоғинг шартдир бугун шу юртнинг ташвиш-ғамин,
Қолсин десанг то абад ЎЗБЕК деган ҳур номинг...
Шону шаънингни асра, қайноқ нонингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Асрамасанг ўзингни, тузлиғингни-тузингни,
Қашқирлар илҳақ-зордир ўймоқ учун кўзингни.
Жаҳон эшитсин десанг, ҳайқириғинг, сўзингни,
Ризқу рўзингни асра, чақмоқ сўзингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Ҳар дамингда аждодлар армони бор, аҳди бор,
Мангуберди, Темурбек, Сарбадорлар жаҳди бор,
Ҳар икки Уйғонишнинг жаҳонда ўз тахти бор...
Учинчи Ренессанс деб босган изингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Туққан ерда туғинг тик, туққан жойинг чамандир,
Қуш бутага сиғингай, саждагоҳинг Ватандир,
Ватандан айрилганга ҳар қадами кафандир...
Кафангадо каслардан элу юртингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Денгизга ҳам осонмас, бардош бермоқ тўфонга,
Ҳатто қуёш ҳам гоҳо йўл бергайдир тўзонга,
Бугун енгил эмасдир Янги Ўзбекистонга...
Янги Ўзбекистонда дашту бўзингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Дарё эмас бир ирмоқ, бир дарахт ўрмон эмас,
Кўклам эмас бир гиёҳ, битта дон хирмон эмас,
Бирлиги йўқ улуснинг кўкраги осмон эмас...
Дайди тўда-уюрдан жанда бўзингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Боғ жамоли — боғбондан. Боғбонинг бор дарёдил,
Дарёдилли боғбонга дарё бўлиб қўшилгил,
Дарёларга айланиб, уммон каби жўшсин эл...
Боғли диёринг учун қору музингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Фурсат пойлаб турибди, қароқчи кишандорлар,
Ўз қавмини кишанлаб, тўн кийган нишондорлар,
Кўм-кўк далангни бевақт босмасин десанг қорлар...
Бемаҳал ёққан дўлу қишдан кузингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра.
Бир вужудга айлансин минг-миллиён жону тан,
Минг-миллиён вужудлар бир жонга бўлсин пайванд,
Қуёш битта, Ой битта, Ойу Қуёшдир ВАТАН...
Қуёшингни, Ойингни қошу кўзингдек асра,
Ўғил-қизингдек асра, асра, ўзингдек асра!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг