АҚШда “Риштон керамикаси: Марказий Осиё кулолчилик санъатининг гавҳари” номли кўргазма ва шоу-рум очилди

17:30 25 Январь 2024 Жамият
327 0

Фото: "Дунё" АА

Кўргазма доирасида 5 миллион доллар миқдорида Риштон керамика маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартнома имзоланди

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан Фарғона вилояти Риштон тумани ҳокимлиги билан биргаликда Вашингтонда “Риштон керамикаси: Марказий Осиё кулолчилик санъатининг гавҳари” номли кўргазма ташкил этилди.

“Дунё” АА хабарига кўра, тадбирда америкалик таниқли санъат арбоблари, коллекционерлар, йирик бизнес, ҳукумат, сиёсий, академик, эксперт ва ОАВ вакиллари ҳамда фаол ватандошлар иштирок этди. Шунингдек, юқори мартабали меҳмонлар — АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси Николас Берлинер, ижтимоий ҳимоя ва ногиронлар бўйича маслаҳатчиси Сара Минкара, савдо вазирининг биринчи ўринбосари Мариса Лаго ва ЮСАИД раҳбарининг ўринбосари Анжали Каур ва Конгресс аъзолари вакиллари қатнашдилар.

Кўргазманинг очилиши маросимида нутқ сўзлаган АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси Николас Берлинер Ўзбекистон асрлар давомида маданият ва тараққиёт маркази бўлиб келганини, ушбу заминда Риштон кулолчилиги каби ноёб санъат турлари шаклланганлигини таъкидлади.

Николас Берлинер Ўзбекистонда эришилаётган ижобий ўзгаришларга алоҳида тўхталар экан, бугунги кунда республикамиз минтақанинг иқтисодий катализаторига айланганини ва Марказий Осиё барқарор келажаги учун мустаҳкам пойдевор ролини бажараётганини алоҳида урғулади.

“Ҳозирги кунда Ўзбекистон раҳбарияти ҳамда нафис санъат мухлиси бўлган ўзбек халқи ушбу қадимий кулолчилик мактабини нафақат авайлаб асрамоқда, балки уни жаҳон миқёсида танитмоқда. Бунга яққол мисол, бугунги кўргазманинг Вашингтонда ўтказилишидир, — деди АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси. — Қўшма Штатлар Янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга содиқдир. Биз Вашингтон ва Тошкент ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат ва тенгликка асосланган дўстлик алоқаларини бундан буён ҳам мустаҳкамлашга, унинг кўламини эса янада кенгайтиришга тайёрлигимизни билдирамиз”.

Савдо вазирининг биринчи ўринбосари Мариса Лаго ўз навбатида Америка ва Ўзбекистон ўртасида жадал тараққий этиб бораётган иқтисодий муносабатлар ривожига 2023 сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга бўлиб ўтган ташрифи ва унинг доирасида эришилган келишувлар катта туртки бўлганини қайд этди.

ЮСАИД администратори ўринбосари Анжали Каур ўз чиқишида, азалдан кулолчилик санъатига қизиқиши сабабли ушбу кўргазмани интиқлик билан кутганини билдирди.

“Гўзал ва бетакрор Риштон кулолчилиги Америка жамоатчилиги учун янги йўналиш бўлганлиги сабабли унга қизиқиш бошқа давлатлар санъатига нисбатан ортиб бормоқда. Мисол тариқасида, Ўзбекистон элчихонасида очилган ушбу кўргазма ва унинг доирасида ўтказилаётган мастер класслар мамлакатимиз кенг жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлди”, — деди у.

Тадбир доирасида, шунингдек, мамлакатимиз элчихонаси ҳузурида доимий фаолият кўрсатадиган кулолчилик шоу-руми ҳам очилди.

Кўргазма давомида бўлиб ўтган икки томонлама музокаралар якунида Американинг “DIAMOND Inc.” компанияси ва Риштон шаҳридаги “Mingboshi Ceramic” МЧЖ ўртасида 5 миллион доллар миқдорида керамика маҳсулотларини харид қилиш ҳамда ушбу мамлакатнинг “ASU Trading LLC” ва “Exclusive Ceramic of Rishtan” МЧЖ ўртасида АҚШ штатларида керамика маҳсулотларини сотиш бўйича дистрибюторлик шартномалари имзоланди.

Шунингдек, Риштон тумани ҳокимлиги, ЮСАИД ва “Александрия лой кооперативи” студияси ўртасида АҚШда “Риштон кулолчилик мактабини” ташкил этиш ва америкалик кулолчилик соҳаси ихлосмандларининг Риштонга сафарини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?