Андижонда «маҳаллабай» газ хизмати аҳоли ишончини мустаҳкамламоқда

12:14 08 Январь 2026 Жамият
230 0

Андижон туманида газ таъминоти тизимида жорий этилган «маҳаллабай» ишлаш тартиби бугун аҳоли учун қулайлик, тезкорлик ва ишончни таъминламоқда. Энг муҳими, эндиликда истеъмолчи газ билан боғлиқ муаммо юзага келганда идорама-идора сарсон бўлиб юрмайди, ўз маҳалласида хизмат кўрсатаётган маҳалла газчисига бевосита мурожаат қилади. Бу эса газ хизмати билан аҳоли ўртасида тўғридан-тўғри, жонли мулоқотни йўлга қўйган самарали тизим сифатида ўзини оқламоқда.

Андижон туманидаги «Нўхатак» ва «Оби ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1 670 нафар истеъмолчи мазкур тизим имкониятларидан самарали фойдаланмоқда. Маҳалла газчиси ҳар куни ҳудуддаги хонадонлар билан иш олиб бориб, табиий газ ҳисоби, ҳисоблагичлар ҳолати, техник муаммолар ҳамда истеъмолчилар мурожаатларини ўрганмоқда. Айни пайтда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича кунига ўртача 20 та вазифа бажарилмоқда. Бу эса маҳаллада газ таъминоти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Маҳалла газчиси фаолияти фақат ҳисоб-китоб ёки техник хизмат билан чекланиб қолмаяпти. У ҳар бир хонадонда табиий газдан хавфсиз фойдаланиш, ис газидан сақланиш, газ жиҳозларини тўғри ишлатиш бўйича тушунтириш ишларини ҳам олиб бормоқда. Айниқса, қиш мавсумида газ плиталар, қозонхоналар, камин ва печларнинг соз ҳолатда бўлиши, дудбўрон ҳамда шамоллатиш тизимларининг ишлаётгани ҳаётий аҳамият касб этади. Шу боис бу масалалар доимий равишда аҳоли эътиборига ҳавола этилмоқда.

— Маҳалладаги ҳар бир оилага табиий газдан тўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, энергия тежамкор замонавий газ ёндиргичларидан фойдаланиш бўйича тушунтиришлар беряпмиз, — дейди маҳалла газчиси Хуршидбек Ибрагимов. — Шу билан бирга, истеъмолчиларнинг газ билан боғлиқ мурожаатларини жойида ўрганиб, камчилик аниқланса, уни зудлик билан бартараф этишга ҳаракат қиламиз.

Бундай иш услуби маҳаллада нафақат газ таъминоти сифатини оширмоқда, балки аҳолининг масъулиятини ҳам кучайтирмоқда. Қўлбола иситиш воситалари, сифатсиз резина шланглар ёки носоз жиҳозлардан фойдаланиш қандай оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида берилаётган тушунтиришлар кўплаб бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, «маҳаллабай» тизими асосида иш олиб бораётган маҳалла газчилари бугун оддий назоратчи эмас, балки аҳоли хавфсизлиги, қулайлиги ва барқарор газ таъминоти учун масъул бўлган ишончли ҳамкорга айланмоқда. Бу эса газ соҳасида хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқаётган муҳим ислоҳот сифатида аҳолининг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер