Андижон делегацияси АҚШда йирик лойиҳаларга сармоя жалб этмоқда

Айни пайтда Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация АҚШда бўлиб, иқтисодий ва савдо масалалари бўйича муҳим учрашувлар ўтказмоқда. Нью-Йорк шаҳрида музокаралар доирасида йирик молиявий хизмат кўрсатувчи компания — “Oppenheimer” бошқарув директори Жон Тонелли билан учрашув амалга оширилди.
— Музокара чоғида қиймати 180 миллион долларлик тўқимачилик саноат зонаси, 20 миллион долларлик Хонобод шаҳридаги “Сунъий дам олиш кўли” ҳамда 1 миллиард долларлик “Янги Андижон” шаҳарсозлик лойиҳаси тақдим этилди, — дейди вилоят ҳокимлиги масъул ходими Рустамжон Эшонов. — Учрашув якунида “Oppenheimer” мазкур йирик лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, делегация WRAP халқаро сертификатлаш ташкилоти ҳамда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари билан ҳам музокара ўтказди. Унда Андижон тўқимачилик маҳсулотларини Америка бозорига олиб чиқиш, дистрибьюторлар тармоғини йўлга қўйиш ва маҳсулот сифатини жаҳон стандартларига етказиш масалалари муҳокама қилинди.
Айтиш жоизки, ушбу ташриф вилоят иқтисодиёти учун янги имконият эшикларини очмоқда. Бир томондан, йирик инвестиция лойиҳалари орқали ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, иккинчи томондан, тўқимачилик маҳсулотларини АҚШ ва жаҳон бозорига олиб чиқиш йўлида амалий қадамлар қўйилмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозор, аҳоли учун эса кўплаб иш ўринлари яратилишини англатади.
Мутахассисларнинг фикрича, музокаралар натижасида Андижон вилояти учун сармоялар оқими кенгайиши, ўзбек маҳсулотлари эса глобал бренд сифатида мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Делегация аъзоларининг сафари давом этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг