Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги Самарқандда кенг нишонланди

16:04 09 Февраль 2026 Жамият
241 0

Бугун Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи эрталабдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, талаба-ёшлар ҳамда ўқувчилар билан гавжум бўлди.

Боғ марказида ўрнатилган Ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойида буюк мутафаккир таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унда Навоий ҳаёти ва фаолияти, унинг бой адабий-маънавий мероси, шунингдек, бугунги кунда ёшлар тарбиясида тутган беқиёс ўрни ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир давомида Алишер Навоий асарлари дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросига айлангани, ушбу қутлуғ сана нафақат мамлакатимизда, балки жаҳоннинг кўплаб давлатларида ҳам кенг нишонланаётгани таъкидланди. Ҳазрат Навоийнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилиб, шеърият ихлосмандларига юксак маънавий завқ улашди.

Тадбир якунида иштирокчилар Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, улуғ мутафаккир хотирасига эҳтиром изҳор этдилар.

Қайд этилишича, ушбу сана муносабати билан вилоятдаги таълим муассасалари, ташкилот ва идораларда ҳам Навоий ижодига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар, Навоийхонлик кечалари ўтказилмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер