Ахборот етказиш ва фикрлар майдонида 90 йиллик тарихга эга нашр
Тезкор ахборот, телефондаги хабарлар, видеолар, телеграм, инстаграм, сайт, фейсбук каби ижтимоий тармоқлар ривожланган даврда ҳам газетанинг ўз ўрни бор.
“Газета нимага керак? Унинг вақти ўтганини нега ёши катталар тан олгиси келмайди?” — деб ўйловчилар журналистика фақат янгилик тарқатиш эмас, у фикр уйғотиш, мулоҳаза қилишга чорлаш, жамиятнинг онгини шакллантириш жараёни ҳам эканлигини англаши керак. Шу жиҳатдан, газета ҳануз ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Жорий йилда ана шундай нашрлардан бири — Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги ягона оммавий ахборот воситаси — “Пахтачи” газетаси чиқа бошлаганига 90 йил тўлди. 1935-йилда “Учқун” номи билан чоп этила бошланган нашр қарийб бир асрлик вақт давомида туман ҳаёти, меҳнаткаш аҳолиси, ижодкорлари, устоз-у мураббийлари, раҳбарлари ҳамда фидойи инсонлари ҳақида бой тарихни ўз саҳифаларида акс эттириб келди.

- 1963 йилда Пахтакор ва Нарпай туманлари қўшилиши муносабати билан газета “Пахтакор овози” номи билан чоп этила бошлади. 1973 йилда Пахтачи тумани ташкил этилгандан буён эса газета “Пахтачи” номи билан чиқмоқда, — дейди газета муҳаррири Санжар Қурбонов. — Бугунги кунга келиб газетанинг кўриниши, дизайни янгича тус олган. Саҳифаларида чуқур мулоҳазаларга, мунозара ва фалсафий мазмунга бой материаллар чоп этилмоқда.
Ушбу таҳририят аъзолари — муҳаррирдан тортиб мусаҳҳиҳгача бугун янгича талқин ва дизайндаги аниқ фактлар билан йўғрилган, таҳлилий, долзарб мақолалари билан нафақат обуначилар кўнглидан жой олган, балки мамлакатимиз босма оммавий ахборот воситалари орасида ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.
Шу каби эътирофлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу газетанинг 90 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирда кўп бор такрорланди. Тадбирда Журналистлар уюшмаси аъзолари, вилоятнинг туман ва шаҳарларида чоп этилаётган газеталар муҳаррирлари, қўшни Навоий вилоятининг “Дўстлик байроғи” газетаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилоят бўлими аъзолари, “Пахтачи” газетасида ишлаган фахрийлар ҳамда туман фаоллари иштирок этди.
- “Пахтачи” газетаси бу шунчаки нашр эмас, бу Пахтачининг кечаси, бугуни ва эртасини тарих зарварақларига битадиган манба, фаолиятимизга ойина, аҳолимизга маърифат улашувчи, ёшларимиз истеъдодини шакллантирувчи маскан деб қарашимиз лозим, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. — Шу сабабли барча таълим муассасалари, туман ташкилотлари ва маҳаллаларда “Пахтачи” газетасининг 90 йиллиги кенг нишонланиб, ижодий учрашувлар ташкил этилиб, уни тарғиб қилиш лозим.

Тадбир қатнашчилари дастлаб тумандаги Дабусия зиёратгоҳида бўлишди. Сўнга туман тиббиёт бирлашмасида шифокор ва беморларга яратилган шароитлар билан танишдилар.
Пахтачи тумани тарихи музейига саёҳат ҳам барчада илиқ таассурот қолдирди. Вилоятнинг кўзга кўринган оммавий ахборот воситалари вакиллари шунингдек, туман “Матбуот уйи”га ташриф буюриб, газета таҳририяти фаолияти билан яқиндан танишди.
Туман ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда ҳоким Қаюм Хушбақов газета фахрийлари ҳамда бугунги ходимларини сана муносабати билан қутлаб, ижодкорларни ҳокимлик совғалари билан тақдирлади.
- Бугун биз барчамиз учун ғоят муҳим ва қутлуғ бир санани — “Пахтачи” газетасининг 90 йиллик юбилейини кенг нишонлаяпмиз. Бу сана нафақат бир нашр, балки бутун Пахтачи тумани ҳаёти, тарихи ва тақдири билан чамбарчас боғлиқ улуғ айёмдир, — дейди туман ҳокими Қаюм Хушбақов. — Эътиборлиси шундаки, Пахтачи тумани ҳам 1935-йил 9-февралда, ўша даврда Пахтакор тумани номи билан ташкил этилган. Демак, бугун биз туманнинг ҳам, туман матбуотининг ҳам 90 йиллик тарихини биргаликда нишонлаяпмиз. Бу эса мазкур байрамни ҳар бир пахтачилик учун икки карра қадрли, икки карра шарафли тантанага айлантиради.

Сўнгги йилларда, хусусан, пандемия даврида босма матбуот оғир синовларга дуч келган бир паллада “Пахтачи” газетаси ўзини йўқотмади, аксинча, янгиланиш ва тикланиш йўлини танлади. “Пахтачи” газетаси учун икки қаватли янги “Матбуот уйи” нинг барпо этилиши, таҳририятнинг қайта шаклланиши, рангли ва кенг форматли нашрга ўтилиши бунга яққол мисолдир.
Бугун “Пахтачи” нафақат газета, балки “Пахтачи Медиа”, “MUHIM24.uz” каби замонавий ахборот платформалари орқали кенг аудиторияни қамраб олаётган, рақамли давр талаблари билан ҳамнафас нашрга айланди.
Бугун 90 йиллик тарихга эга “Пахтачи” газетаси туманнинг кечаги куни, бугуни ва эртанги истиқболини боғлаб турган мустаҳкам кўприкдир. У қанчалик кучли бўлса, жамиятимиз шунчалик соғлом, фикрлар шунчалик очиқ бўлади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг