Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда
Жорий йилнинг 29 октябрь куни Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга, аҳолини сифати ва хавфсизлиги кафолатланган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашга ҳамда хориждаги ватандошларимизни рағбатлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур Қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Ер кодекси ҳамда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги ва «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Ер кодексига ер участкасини ижарага олиш шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат беришни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Шунингдек, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунда фермер хўжалиги раҳбари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган ишга қабул қилинган тақдирда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ўз оила аъзоларидан бирига бериши мумкинлиги белгиланмоқда.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга «Ватандош» картаси эгаларининг оила аъзолари учун амалдаги виза муддатини кўп марталик виза этиб узайтирганлик учун ҳамда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлик учун, шунингдек турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлик муддати узайтирилганлиги учун давлат божи тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Жиноят кодексида ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда товарлар ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига ёки реализация қилинишига қонунга хилоф равишда аралашганлик, ёхуд тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун қабул қилиниши қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг молиявий имкониятларини оширишга замин яратади.
Шунингдек, аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, дори воситаларини реализация қилиш талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг