Аҳолига кўрсатилаётган гематология хизмати ҳолати қониқарлими?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасида аҳолига қулай ва сифатли бирламчи тиббий-санитария, тез тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатишда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, гематологик, онкогематологик ва бошқа даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу касалликлар профилактикасини кучайтириш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш бугунги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб масалаларидан биридир.
2021 йил 7 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан давра суҳбати ўтказилди. Унда аҳолига кўрсатилаётган гематология хизмати ҳолати масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда қон тизими ва лимфоид тўқималарнинг онкологик касалликлари одамларда учрайдиган бешта энг хавфли касалликлар қаторига киради ва дунёдаги барча ташхис қўйилган саратон касалликларининг тахминан 7 фоизини ташкил қилади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган гематология хизмати ҳолати янада яхшиланди, касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш тизими такомиллашди ҳамда гематология ва трансфузиология хизматларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Бугунги кунда республикамиз аҳолисига гематологик хизмат Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан амалга оширилиб, марказда онкогематологик касалликлар билан – 4500 нафар, гемофилия билан – 1849 нафар, талассемия билан – 204 нафар, апластик камқонлик билан – 33 нафар, гемолитик камқонлик билан – 110 нафар бемор диспансер назоратида туради.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йил 10 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш ҳамда онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ҳозирги кунда марказ базасида молекуляр тиббиёт ва ҳужайра технологиялари лабораторияси, 5 ўринли гемопоэтик ўзак ҳужайралар билан даволаш бўлими ташкил қилинган. Давлат дастурлари ҳисобидан реанимация бўлими учун 2 та сунъий нафас олиш аппарати, 20 дона кислород концентратори, 10 дан ортиқ инфузион помпалар, кардиомониторлар, дефибриллятор ва порпатив ультратовуш жиҳозлари келтирилди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2021 йил 27 майдаги «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» қарори билан гематология ва онкология йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, мазкур соҳада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, кўлами ва самарадорлигини ошириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, шифохоналарни замонавий диагностика лабораториялари ва тиббий техникалар билан жиҳозлаш вазифалари белгиланган.
Давра суҳбатида таъкидланишича, депутатларнинг сайлов округларидаги ўрганишлари вилоятларнинг узоқ ҳудудлари, туман(шаҳар)ларида оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат талаб даражасида эмаслиги аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлаётганлиги аниқланди. Депутатлар томонидан ўтказилган учрашувлар давомида оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликка чалинган аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар аҳволи, касалликлар диагностикаси ва тиббий амалиётлар учун ажратилаётган бюджет маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳолатлари ўрганилган ҳамда бу касалликлардан азият чекаётган беморлар билан юзма-юз мулоқот қилинган.
Тадбирда ўрганиш якунлари юзасидан ахборот эшитилди ва муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарининг «Аҳолига гематология ва қон қуйиш хизматини кўрсатишнинг ҳолати тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.
Давра суҳбати баҳс-мунозаралар кўринишида ўтди. Тадбир якунида билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг