Афғонистонда зилзила қурбонлари сони 1124 кишига етди

Афғонистон Қизил ярим ой жамияти якшанба куни рўй берган кучли зилзила оқибатида камида 1124 киши ҳалок бўлгани, яна 3251 киши жароҳатланганини маълум қилди. Ўзбекистон ушбу оғир кунларда Афғонистонга табиий офат оқибатларини бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлган даҳшатли зилзила муносабати билан Афғонистон халқи ва ҳукуматига чуқур ҳамдардлик билдирди. Ҳалок бўлганларнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, жабрланганларнинг тез орада соғайишларини тилади.
«Биз оғир кунларда биродар Афғонистон халқи билан бирдам бўлиб, ушбу фожиали табиий офат оқибатларини бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигимизни билдирамиз», деб ёзди Саидов Telegram каналида.
CNN нашрининг Афғонистон расмийларига таяниб ёзишича, мазкур ҳалокатли зилзила оқибатида 8 мингдан ортиқ уй вайрон бўлган.
«Толибон» ҳаракати мазкур табиий офат талафотларини бартараф этишда халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраб мурожаат қилди. БМТ ва унинг ҳамкорлари томонидан шошилинч ёрдам чақириғи ишлаб чиқилмоқда. БМТнинг фавқулодда вазиятлар жамғармаси (CERF)дан дастлабки 5 миллион доллар маблағ ажратилди.
«BBC News»нинг ёзишича, Буюк Британия жабрланганларни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллион фунт стерлинг ажратган. Шунингдек, Хитой, Ҳиндистон ва Швейцария ҳам инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг