Адлия вазири Қўшработда одамлар дардини тинглади

17:37 04 Февраль 2025 Жамият
258 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбарининг «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги Фармони кўра, жорий йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш вазифаси белгиланган бўлиб, бунда Адлия вазирлиги ҳам ҳудудларда алоҳида чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Хусусан, Адлия вазири Акбар Тошқулов Самарқанд вилояти марказидан қарийб 100 километр олисда жойлашган Қўшработ туманига бориб, ўрганишни 10 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари яшаётган Хонназар маҳалласидан бошлади.

III гуруҳ ногирони бўлган 55 ёшли Каромат Исмоилова ёшлигида ўрганган тикувчилик касби орқали бугун ҳамқишлоқларини кўрпа, ёстиқ, бешикларга зеб берадиган ёпинчиқлар билан таъминлаб келади. А.Тошқулов билан суҳбатда Каромат опа шогирдларни кўпайтириш, касбини ҳамқишлоқларига ўргатиб, қўшимча ишчи кучи олишни истаётганини, бунинг учун тикув машинасига эҳтиёжи борлигини айтди. Унга замонавий тикув машинаси берилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда маҳаллада «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури» доирасида 800 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига 40 нафар, «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури» доирасида 12 нафар, «Бизнесга биринчи қадам» дастури доирасида 43 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.

Хитой тажрибаси асосида 10 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиши ҳам кўзда тутилган. Натижада йил якунигача 52 та оила камбағалликдан чиқарилса, 102 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлади.

Вазир маҳалладаги камбағал оилаларга кирди, хонадонда яшовчилар билан суҳбатлашди, уларнинг нима муаммоси борлиги, қандай ёрдам кўрсатиш кераклиги билан қизиқди.

Хонназар маҳалласида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган Аҳмад Адилов майизни қайта ишлаш учун қўшимча жой олиш борасидаги муаммосини маълум қилди. Мурожаат вазир назоратига олинди.

Мадина Элмуродова эса икки йил илгари турмуш ўртоғидан айрилган. Уч нафар фарзандига ҳам ота, ҳам она. Вазир бу оиланинг турмуш тарзи билан танишар экан, фуқаронинг орзу-истаклари, муаммоларини сўради. Оила бекаси сўровига жавобан тикув машинаси берилди.

Акбар Тошқулов маҳалла масъуллари билан учрашувда ночор оилаларни камбағалликдан чиқариш тартиби, буни амалга ошириш механизмлари, фуқаролар ҳуқуқий ва ижтимоий муаммолари билан ишлашда адлия органлари билан ҳамкорлик борасида сўз юритди.

Ўртага ташланган масалалар, саволларни тинглаб, зарур тавсиялар берди. Мурожаатлар назоратга олинишини маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер