Адабиёт — маънавият дастурхони
Адабиёт – сўз санъати сифатида қитъаларни қитъаларга боғловчи беназир ва бебаҳо маънавият дастурхони. Президентимизнинг «Адабиёт ва санъат, маънавиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир» мавзусида Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида бадиий маданият ва истиқлол мафкураси, ижтимоий ғоя ва ижодкор нуқтаи назари, адабиёт-санъатнинг халқ, Ватан олдидаги бурчи, истеъдоднинг миллат, жамият камолидаги масъулияти, ижод эркинлиги ва маънавият, ҳаёт ҳақиқати ва замонамиз қаҳрамони, адабиётнинг тарих, фалсафа, санъат, илм-фан, кино, театр, таълим-тарбия билан боғлиқ масалалари хусусида теран ва оҳорли фикр-мулоҳазалар билдирди. Бадиий-эстетик тафаккурнинг олис мозий воқелигини, буюк аждодларимиз кечмиши ва тақдирини ёритиш, замондошларимиз образини гавдалантириш, ёшларни юксак олижаноб идеаллар, башарий қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган ёрқин ҳаёт манзараларини акс эттириш юзасидан ғоят долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Миллатнинг эстетик савиясини юксалтиришга, халқнинг маънавий талаб-эҳтиёжларини таъминловчи бадиий баркамол асарлар яратишга ундади. «Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади».
Юртбошимиз ғурур-ифтихор сўзларида адабиёт – сўз санъатининг ижтимоий-эстетик идеали омухталашган. Қуруқ қошиқ оғиз йиртади, дейди халқимиз. Ҳар қандай ҳаракат, интилиш ғайрат-мақсадга қараб амал топади. Эзгу ният баракот боғларини бунёд этади. Бу – бир неча авлоднинг маънавий-ақлий, ижодий сафарбарлигини тақозо қилади. Ёруғ, катта идеалсиз кашфиётларга эришиб бўлмайди. Бир авлод вакиллари забт этишга қурби етмаган чўққиларга келгуси авлодлар етишади. Ватан равнақи, миллат маънавияти тараққиёти, истиқлол зафарлари китобини халқимизнинг улуғ фарзандлари ёзаётир. Ҳар бир авлод унга ўз сўзини, кўнглини муҳрлашга ошиқаётир. Қалбларга нақшланган эзгу умидлар образли ифодасини кутаётир. Ҳолва деган билан оғиз чўчимайди, албатта. Олма пиш, оғзимга тушь деган билан бадиий кашфиётлар восил бўлиб қолмайди. Ўзидан ўзи «пир» этиб учиб келиб кафтингга қўнмайди. Маънавият китобини бир неча авлод саркотиблари тилла ҳарфлар билан битгусидир.
Англашиладики, Президентимиз даъватлари, кўрсатмалари Истиқлол мафкураси, Халқ-Ватан манфаатлари билан йўғрилган. Уларнинг умумгуманистик, инсонсеварлик моҳияти ҳам шундаки, адибларимиз азму шижоати мафкуравий манфаатларга хизмат қилмайди. Мафкуранинг югурдаги, карнайчиси эмас. Аксинча, шахс эрки, миллат ҳуррияти, Ватан мустақиллигини мустаҳкамлашга сафарбар. Бир сўз билан айтганда, адабиёт заҳматкашларининг инон-ихтиёри халқ изнида. Мустақиллик манфаатларини юзага чиқаришдир.
Адибларимиз қалб амри билан ижод қилишади. Юраклари эса Ўзбекистоннинг ҳавоси, суви, тупроғи, оловидан нафас олади. Шу маънода, адибларимиз миллат ўчоғига чўғ тортар оловсеварлардир. Бадиият боғининг солик ва солиҳ боғбонларидир. Давлатимиз раҳбари ҳақли равишда таъкидлагандек, фикр қарамлиги тафаккур қуллигини юзага келтиради; маънавий мутелик қарамликнинг шумшик кўринишидир.
Ижтимоий-эстетик идеал адабиёт-санъатнинг, маънавий маданиятнинг суви, ҳавосидир. Адабиёт – истеъдодларнинг намоён бўлиш майдонидир. Ҳар бир ижодкор ўз дарди-дунёси билан яшайди; ўз бадиий оламини ўз сўзи билан яратади. Халқимизда, ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, чанги чиқсаям донғи чиқмайди, деган ибратли гап бор. Лекин бу ҳикмат ижодкорлардан бўлак ҳамма-ҳаммага дахлдор. Тўғри, сўз санъаткорлари бир-бири билан ҳаво, нур ўтмайдиган «девор»лар билан ажратилмаган эса-да, бадиий-эстетик ғоя – ижодий ният ҳар бир адибнинг ўз ижод «қозон»ида қайнайди, пишиб етилади. Ўз ижодий йўсини, тасвир тарзи билан қоғоз юзини кўради. Дафтарга тўкилади. Ҳар бир адиб ўз ёғида ўзи қоврилиш баробарида, сўз санъаткорлари ягона бир китобни ёзишмоқда. Истиқлол адабиётининг бадиий тарихини яратишмоқда. Ҳеч бир адиб у ёки бу мавзуни «тақими»га қисиб олишга, томорқасига айлантиришга ҳаққи йўқ; ҳадди сиғмайди ҳам. Истиқлол мавзуининг ягона эгаси ўзимман деёлмайди. Негаки, миллий мустақиллик халқимизнинг маънавий бойлиги, сарвати ва руҳоният давлатидир.
Эркинликка етишган шахснинг эрк дунёсини, қай тариқа яшаётган тарзи-психологиясини, маънавий-интеллектуал ҳаётини бадиий-фалсафий тадқиқ этиш адабиёт-санъат аҳлининг бош вазифаси. Юртбошимиз кечани кеча, кундузни кундуз демай улкан фидойилик намуналарини кўрсатаётган замонамиз қаҳрамонлари образини яратишликни устувор масъулият сифатида белгиламоқда. Бу – ҳаётимиз жонфидолари ақлий-ахлоқий дунёсини сўз сеҳри билан жонлантириш демакдир. Бу – истиқлол адабиётининг бадиий-эстетик, ижтимоий-фалсафий қадриятларини яратишга даъват демакдир. Бу ёлғонни бешигида йўргакланган шўровий сохта пафосдан халос бўлган инсоннинг кўнгил тарҳини, туйғу-тафаккур тарихини ёзишга сафарбар наслларга ишонч демакдир.
Юртбошимиз адабиёт-санъатнинг ижтимоий-эстетик идеали масаласига тўхталар экан, унинг шахс, миллат ва Ватан манфаатлари билан чамбарчас боғлиқлигини алоҳида таъкидлайди: «Адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт-маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ. Юксак идеаллар йўлида фидойилик кўрсатиб яшаш, ўзлигимизни англаш, ғурур ва ифтихор, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун бел боғлаб майдонга чиқиш – сиз, ижод аҳлига хос эзгу фазилат эканини ҳаммамиз яхши биламиз ва буни юксак қадрлаймиз».
Маънавият хирмони ёмғирдан кейин бодраб чиқадиган қўзиқорин эмас экан. Бир неча авлоднинг йиллар, ўн йиллар бадалидаги туйғу-тафаккур жамғармасини тақозо этаркан. Бу – заҳматкаш фидойи замондошларимизнинг қалб саховати, ақлий заковати, ахлоқий фазилатлари билан истиқлол бадииятини зийнатлашда зуҳур топади. Эртанги кунимизни ҳам обод, фаровон, чароғон этгувчи меҳнат жасоратларида кўрамиз. Кўриб – кўзлар қувнайди, туйиб – диллар яшнайди. Бунинг учун адибларимизга бадиий тўқиманинг зарурати, эҳтиёжи йўқ. Зеро, бугуннинг қаҳрамонлари адибларимиз кўз ўнгида. Шундоққина ён-атрофида умргузаронлик қилмоқда. Бунёдкорлик нашъу намосини сурмоқда. Ҳаётимизнинг ўзида, биз билан бир дастурхон атрофида чой ичяпти, нон ушатиб еяпти. Бу – воқеликни реалистик идрок ва ифода этишнинг кўркам намойишидир. Бадииятнинг янги саҳифасидир.
Турфа жамиятлар ижтимоий-сиёсий ғоялари билан бирда кар-кар керилиб, баъзан босар-тусарини билмай кўкрагига уриб, тарих саҳнидан ўтиб боравераркан. Фақат одам наслининг бахт-саодатини ёқлаган, инсонпарварлик идеалларига асосланган, Биру Борнинг ўзи ёрлақаган ҳаётсеварликнинг умри боқий экан. Умумгуманистик идеаллар, башарий маслак-эътиқодлар бани башар учун ибрат, сабоқ тариқасида яшаб қоларкан. Шу боис Президентимиз миллий мустақиллик келажагини ёритувчи порлоқ идеални зиёлилар заковатига топширмоқда.
Дарҳақиқат, ижтимоий-эстетик идеал онг-шуур офтобидир. Мақсад-муддаолар юрагида олов бўлмаса, сояга салом бергандек бир гап. Ахир, бу табаррук замин, кўҳна ҳаёт қуёш қучоғига олган бекарон боғимиздир. Серҳосил дарахт қанчалик кўп бўлса, шунчалар саррин шабадалар унинг бағрида яшайди. Нурдек нозик ва покиза амаллар боғнинг борлиғини билдириб туради. Ана шу ҳаётсевар майллар кўнгилларда гуллайди. Юртбошимиз таъкидлагандек, ҳаёт ҳақиқат ва маънавий гўзаллик илдизи бунёдкор фаолиятимиз замирида. Кўпинча, «замон ўзгаряпти; замон сенга боқмаса, сен замонга боқ», дейишади. Шунақа, онгимиздаги эврилишлар психологиядаги ўзгаришларни вужудга келтиради. Бу – мафкуралар йўриғига йўрғалаш, замонасозликка берилиш, дегани эмас, аксинча, ижтимоий воқелик суръати билан ҳамқадам, ҳамнафас яшаш демакдир.
Ҳар бир одам кимлигини, шахсиятини исм-шарифи англатгани каби, кишилик тарихида янги босқич саналган ҳар бир жамиятнинг ҳам ўзи танлаган ҳаёт йўли бор. Бу бошқа тириклик шеваларини такрорламайдиган, эътиқод-идеал мустақиллиги демакдир. Миллат, Ватан манфаатларига хизмат қилгувчи, орзуларини рўёбга чиқарувчи идеал офтоб мисоли халқ келажагини, йўлларини нурафшон этиб туради. Ахир, тоққа чиқмасанг, дўлона қайда! Одамнинг ўз мустақил фикрига, собит эътиқодига ўзи таяниб яшайдиган ҳаётий-миллий қадриятларга эгалиги, шаклланган дунёқараши билан мустаҳкам иродаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Юртбошимиз талқинига кўра, жамият мафкураси шахс-миллат-Ватан манфаатлари вобасталигидан иборат. Адабиёт-санъатнинг барча-барча тармоқлари халқ идеалига, миллат-жамият манфаатларига, келажагига камарбаста. Хусусан, бадиий-эстетик тафаккур такомилини оладиган бўлсак, шахс-миллат-Ватан иқболи ва истиқболи мустақиллик мафкурасининг мағзини ташкил этади. Шу маънода адабиёт-санъат халқ ахлоқи ва идеали билан барҳаёт.
Гарчанд инсоннинг ўзи ўткинчи эса-да, боқий моддий-маънавий қадриятлар, гўзалликлар яратишдек ижодий фаолияти умумбашарий аҳамиятга эга. Шу маънода инсоннинг ўзи, ақл-шуури, кўнгли азалий ва абадий қадриятдир. Маълумки, инсон бир умр ўзи билан ўзи курашиб яшайди. Феълидаги шайтоннинг васвасаларини, юҳо нафснинг кирдикорларини даф этиш – бош муддаоси. Инсон ботинида кечадиган ушбу бўҳронни англаш ҳамда англатиш чинакам санъат асарларини юзага келтиради. Гарчанд, бадиий-эстетик тафаккурда бадиий тўқима – «ёлғон» устувор ўрин тутса-да, асар бадииятини белгиловчи мезонга айланса-да, адабиёт учун ёлғон ёт. Сўзни адибга Худонинг ўзи беради. Сўзини ҳам ўзи олади. Бу – жонини олган билан баробар. Зеро, ўз сўзини йўқотиш, бу – адиб учун ўлим. Бадиий баркамол санъат асарларининг юзага келиши, бу – Аллоҳ билан адиб ўртасида кечгувчи сирли, сеҳрли жараён. Аллоҳ бандаси кўнглига эзгулик уруғини эккани боис саъй-ҳаракатлари сўз шаклида боқийликка эришади.
Шу боис кўнгил маснади бадиий-эстетик тадқиқотлар меҳвари бўлиб қолди. Тўлқин, кўпик, гирдоб, қатра, ёмғир, жала – ҳаммаси моҳиятан сувга тегишли бўлганидек, табиат ва жамиятдаги барча воқеа-ҳодисалар инсон шахсияти-манфаати билан боғлиқликда мазмун касб этади. Сўз – оғзи гапирса бурни эшитадиган жонсиз-қонсиз, иқига ўтиришмаган кўп муҳокама-мулоҳазаларни ичига ютиб, кўмиб кетаверадиган нарса эмас. Гарчанд, у кўзга кўринмаса-да, истеъдодларни кўзга кўрсатадиган қудратли куч. «Сўз санъати маданий феномен сифатида янги-янги авлодларни тарбиялаб камолга етказиш борасида чексиз имкониятларда эга, – дейди Юртбошимиз. – ...Ижод майдонига қадам қўйган ҳар бир санъаткор миллати, тили ва динидан қатъи назар, башарият фарзанди сифатида дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди... Ҳақиқий санъатни соф ва боқий маънавий қадриятни фақат Парвардигори Оламнинг марҳамати билан Ҳазрати инсон яратади». Истеъдод заковатига бундан зиёд таҳсин-баҳо берилмаган бўлса керак.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсонда Аллоҳдан бир зарра, учқун бор. Ана шу бир чимдим нур одамларнинг кўнглига жойланган. У банда жисмининг жавҳари, руҳи, демакдир. Санъатда, хоҳ йирик эпик полотно (роман, достон, драма) бўлсин, хоҳ тўрт сатр шеър – ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. «Гаҳ» десанг кафтингга келиб қўнадиган қарқуноқ қуш полапони эмас. Ҳар ким ўз уйида яшагани сингари руҳнинг маскани кўнгил тўрида. Инсон руҳини англаб етмасдан туриб бадиий кашфиётларга эришиш, етишиш даргумон. Энг баланд маснад – инсон қалбини тушуниш ҳамда тушунтириш лаёқатида асл истеъдоднинг жозиб кучи, сеҳри мужассамлашган. Инсон руҳининг эркинлигини, қават-қават осмонларга кўтарила билишию, етти қават ер қаърига туша олиш саъжиясини бадиий-эстетик идрок қилиш, фалсафий тимсолли ифодалаш санъатида асл истеъдоднинг бетакрор кашшофлиги зуҳур топади.
Ўн саккиз минг олам Қодир Эгамнинг коинот каҳкашонида бунёд этган боғлари. Биру Бор мўъжизаларини билиш, англаш, тушунтириш орқали инсон ўзини ўзи, ўзлигини теранроқ тушуна боради. Банда ўзини Ҳаққа бағишлаб, комилликка интилади. Минг-минг йиллик мумтоз адабиётимизда шаклланган исломий фалсафада Зикр, Фақр, Сабр, Шукр деган тушунчалар бор. Уларнинг ҳар бири Ҳақ таолони билишда, Олам ва Одам сир-синоатларини тушунишу тушунтиришда алоҳида босқичлардир. Бадиий-эстетик тафаккурда кенг қўлланилаётган эртак, афсона, миф ва ривоятлар ҳам бизни Оламни билишга ундайди. Жонзотлару (кийик, бўри, тулки, қўй-қўзи ва ҳоказо) ҳашаротлар (чумоли, капалак, ниначи каби)нинг тилга кириши, тоғ-тошлару дов-дарахтлар, турна кўзли булоқларнинг, барру баҳрларнинг сўзлаши Борлиқ билан Йўқликни, Одамни англатишга интилишдир. Бу хил Зикрдан мақсад Оллоҳни эслаш, Оллоҳ номи билан кўнгилларни зийнатлашдир. Англашиляптики, Зикр икки хил экан. Тильдаги зикр – ғафлатдан ҳушёрликка ўтиш, дилдаги зикр эса Оллоҳни тўла-тўкис қалбга сингдиришдан иборат. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд айтган эканлар: «Зикрнинг ҳақиқати – ғафлат майдонидан чиқиб, мушоҳада фазосида парвоз қилишдир». Зикр – қалбни тозалайди. Одамни руҳан поклаб, Ҳаққа яқинлаштиради.
Энди, Фақр дегани бу – Оллоҳнинг дўсти, деб англатилади ҳикматли китобларда. Кишиларни мол-дунёга берилмасликка чорлаш асл муддаодир. Фақр киши ҳеч нарсасининг йўқлиги билан фахрланади. Фақрлик унинг бойлигидир. Ҳақ маърифатига элтувчи фақрлик йўли қаноат, покланиш ва боғланишдан иборат. Яна сабр ҳам борки, у нафс сабри, охират савоби учун зарур бўлган қалб сабри ҳамда муҳаббатдан иборат руҳ сабридир. Шукр – сабрнинг энг юксак, баланд ҳолатидир. Банда Оллоҳнинг синов жафосига ҳам, марҳаматига ҳам шукр қилади («Биз топсак шукр қиламиз, топмасак, сабр қиламиз»).
Офтоб заркокил шуълалари билан сўзлашади, камалак нурлари билан фикрлайди. Деҳқон заминни шудгорлар экан, келгуси йил ҳосили ҳақидаги тансиқ ўйларини ҳам тупроққа сингдириб юборади. Гуллаган боғ-роғлар, ларзон-ларзон мевалар боғбон юрагининг тажаллисидир. Восил бўлган эзгу ниятлар ҳақиқатидир.
Ҳар бир сўз санъаткори ҳам шунақа. Сўзлар воситасида образли ўз бадиий дунёсини яратади. Ҳаётнинг ўзи англаб етган ҳақиқатлари манзарасини суратлантиради.
Қодир Эгам мўъжизалари бани башар аҳлини ҳайратларга солиб, тонг қолдираверади. Қаранг, Миср эҳромларида минг йиллар давомида кўмилиб қолган буғдой дони ёруғлик-офтоб-сув таъсирида дон тугди. Бадиий сўз ҳам ана шундай ҳаётбахш куч-қудратга эга. Фақат Юртбошимиз таъкидлаганидек, ҳаёт воқелигига жон бағишлашда истеъдод сеҳри, туйғу-тафаккур қуввати тақозо этилади.
Нўмон РАҲИМЖОНОВ
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг