Абру баҳор санъати, адрас матолар, миллий тақинчоқлар жилоси французларни ўзига мафтун этди
Фото: "Халқ сўзи"
Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи”. Франциянинг Верден-сюр-Гарона шаҳрида “Буюк ипак йўлида Ўзбекистон бойлиги” деб номланган ўзбек маданияти фестивали ўтказилди. Ушбу мамлакатнинг “МАКОSH” ассоциацияси томонидан Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси қўллаб-қувватлаши ва Верден-сюр-Гарона шаҳри мэрияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда таркибида мусаввир, кандакор, заргар, модельер бўлган бир гуруҳ бухороликлар иштирок этишди.
— Бундай фестиваль ташкил қилиш ғояси “МАКОSH” ассоциацияси вакили Анна Каро томонидан ўртага ташланди, — дейди делегация аъзоси, “Ипак йўлидаги карвонсаройлар” француз ассоциациясининг Бухородаги филиали директори ўринбосари Ирина Мавланова. — У юртимизга ташриф буюриб, бир неча ойни Бухорода ўтказган ва кўплаб маҳаллий халқ амалий санъати усталари билан яқиндан танишган эди. Фестиваль дастури жуда қизиқарли ва тиғиз кечди. Дастлаб биз учун 80 минг аҳоли истиқомат қилаётган Тарн-и-Гарон депортаменти маркази саналган Монтобан шаҳри мэриясида қабул маросими уюштирилди. Самимий руҳда кечган тадбирда француз — ўзбек халқларининг ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланаётгани алоҳида эътироф этилди. Ўз навбатида, ҳунармандларимиз тўпланганларни ўз фаолиятлари билан таништирдилар.
Иккинчи бир шундай учрашув Тижорат палатасида бўлиб ўтди. Бу ерда ҳамюртларимиз француз тадбиркорларининг ўз фаолиятларини равнақ топтириш учун қандай қўллаб-қувватланишади, бизнесдаги таваккалчилик, бунда нималарни ҳисобга олиш керак, деган бир қатор саволларга тўлақонли жавоб олдилар.
— Болалар марказидаги учрашув айниқса, қизиқарли ўтди, — дейди заргар Шодмон Саидмуродов. — Қатнашчилар Ўзбекистон харитасини, ҳунармандчилик маҳсулотларимизни катта қизиқиш билан томоша қилдилар. “Абру баҳор” санъати усулида ишланган ранг-баранг суратлар, адрас матолар жилоси, миллий тақинчоқларимиз, лаганларда акс этган бетакрор манзаралар уларни тамоман ўзига мафтун этди.
Верден-сюр-Гаронндаги ижод марказида фестивалнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда сўз олганлар меҳмондўст Ўзбекистонда миллий қадриятлар асраб-авайлаб келинаётгани, бугунги кўргазма Буюк Ипак йўли ёқасида жойлашган бу серқуёш юртнинг бой маданий-маънавий меросидан дарак беришини таъкидладилар. Шарқ ширинликлари, хусусан, ўзбек миллий таоми-паловдан татиб кўрган тадбир иштирокчилари бухороликлар учун бир неча жойда савдо-кўргазма ҳам ташкил қилдилар.
“МАКОSH” ассоциацияси томонидан меҳмонлар учун қизиқарли дастур тузилганини ҳам эътироф этиш жоиз. Чунончи, делегация аъзолари “Chateau de Caze” деб номланган қадимий виночилик масканида, шунингдек, француз хонадонида уюштирилган пишлоқ татиб кўриш маросимида қатнашдилар. Француз ошхонаси ва фаранг оилавий муҳити билан танишдилар. Тулуза шаҳрига саёҳат ташкил этилди.Фестивал якунида эса Монтобан шаҳри мэрияси юртдошларимизни бу ерда ўтказилаётган Хитой чироқлар фестивали томошасига таклиф қилди. Гап шундаки, ўзига хос шоуни Чин юртидан келган 100 нафар уста тўрт ой давомида 50 минг квадрат метр ипак мато ва 2500 та чироқдан фойдаланиб тайёрлаган. Бу ҳамда юртдошларимиз иштирокидаги қатор тадбирлар Буюк Ипак йўли ёқасида жойлашган ўлкалар ва халқларнинг асл мақсад-муддаоси дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашдан иборат эканининг яққол далили бўлди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг