666 та оилага мўлжалланган кўп қаватли уй — барчаси Ватан ҳимоячилари учун

15:00 11 Январь 2021 Жамият
1033 0

Олотлик меҳнат фахрийси Меҳмонқули Яхшиевнинг ҳаётида эсда қоларли дамлар кўп бўлган. Аммо бугунгиси ўзгача.

— Икки ўғлим ҳарбий хизматчи, — дейди отахон. — Бирига Тошкент, иккинчисига эса Бухоро шаҳридан уй берилди. Хурсандман. Минг карра шукр, Янги йил хайрли бошланди. Фарзандларим Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиб, эл-юрт ишончини оқлашади, албатта.

Меҳмонқули ака билан сержант Хушвақт Яхшиевнинг янги икки хонали уйида суҳбатлашдик. Хушвақт Наманган вилоятининг Поп туманида хизмат бурчини ўтаяпти. 20 йилдирки, Ватан ҳимоячилари сафида. Уч фарзанди бор. Оиласи уй-жойга эҳтиёж сезаётган эди. Орзуси ушалди. Энди кўнгли хотиржам.

— Нукус шаҳрида хизмат бурчимни ўтаяпман, — дейди яна бир суҳбатдошимиз сержант Зафар Раҳмонов. — Уч нафар фарзандим бор. Бугун қувончимизнинг чеки йўқ. Менга ҳам Бухоро шаҳрида қурилган шинам уйлардан бири ажратилди.

Янги уйли бўлганлар қаторида Жондор туманидаги 37-умумтаълим мактаби ўқувчиси Сарварбек Фарҳодов ҳам бор. У — марҳум ҳарбий хизматчи Фарҳод Жабборовнинг фарзанди. Жабборовлар оиласига уч хонали уй ажратилди. "Келажакда худди отам каби Ватан ҳимоячиси бўламан", дейди қатъият билан Сарварбек.

Ҳа, чегараларимиз дахлсизлигини, эл-юрт осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифани сидқидилдан бажариб келаётган соҳа ходимлари давлатимизнинг доимий эътиборида. Ватан ҳимоячилари куни арафасида Бухоро шаҳрида улар учун 60 хонадонга мўлжалланган иккита кўп қаватли уй қурилиб фойдаланишга топширилди. Мудофаа ва миллий гвардия, ички ишлар тизими ходимлари оилалари учун қурилган бу уйлар алоҳида иситиш тизимига эга, кенг ва ёруғ. Уйлар атрофида болалар ўйингоҳи ва бошқа қулайликлар яратилган.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Б. Зарипов тўпланганларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, хонадон эгаларига янги уйлар калитини топширди.

Айтиш ўринлики, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, Бухоро вилоятида мана, уч йилдирки, мудофаа, миллий гвардия, ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари учун қиймати 91 миллиард сўмлик 666 та оилага мўлжалланган кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Ҳозиргача шу уйларнинг 606 таси фойдаланишга топширилди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер