Жўмракдан оқаётган сув

15:57 10 Ноябрь 2021 Жамият
1086 0

Дунё олимлари сайёрамиз аҳолиси жуда кўп глобал муаммолар билан юзма-юз бўлишини таъкидлаб, бу борада тоза ичимлик суви танқислиги энг оғриқли масалага айланишини алоҳида эътироф этиши бежиз эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш дастурида яқин келажакда инсоният ҳаётига таҳдид қилувчи 17 та хавф-хатар қаторида тоза ичимлик суви муаммоси ҳам қайд этилган.

Маълумотларга қараганда, бугун дунёда 2 млрд. одам тоза ичимлик сувидан бебаҳра яшайди. Ҳар йили сайёрамизда 1 млрд. 2 млн. инсон сув танқислигидан турли касалликларга чалинади.

“Фарғона сув таъминоти” МЧЖ мутахассисларининг айтишича, айни пайтда Фарғона вилоятида марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолати 69 фоиз, тармоқларнинг эскирганлик ҳолати 33,4 фоизни ташкил этмоқда.

2022-2026 йилларда Фарғона вилоятида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 509,7 млрд. сўм, халқаро молия институтлари кредит маблағлари эвазига 194 млн. доллар йўналтирилиши мўлжалланмоқда. Натижада 635,2 км ичимлик сув тармоқлари, 69 та ичимлик сув иншоотлари қурилади.

2022 йилнинг ўзида вилоят бўйича 10 та объектда қарийб 96 кмдан ортиқ узунликда ичимлик сув тармоқлари, 10 та ичимлик сув иншоотлари барпо этиш учун давлат бюджетидан 81,2 млрд. сўм маблағ ажратиш белгиланган. Шу тариқа келгуси йил якунида вилоят аҳолисининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 77 фоизга етказилади.

Сўх тумани вилоятнинг ичимлик сув таъминоти энг оғир ҳудудлари сирасига киради. Шу боис келгуси йилнинг ўзида Сўхда ичимлик сув таъминотини 30 фоиздан 100 фоизга етказиш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Фарғона вилоятининг бош кентлари, ҳудудларда барпо этилаётган янги мавзелар, кўп қаватли уйларда томорқа ер майдонларини суғоришда, хизмат кўрсатиш соҳалари, оилавий юмушларда тоза ичимлик сувини исроф қилиш ҳолатлари кўп кузатилади. Айни пайтда баъзи қишлоқ ва маҳаллаларда эса ҳамюртларимиз ҳалигача тоза ичимлик сувини қўшни ҳудудлардан ташиб ичишга мажбур. ўрни келганда, ҳали сув тежаш ва бу табиий неъматдан оқилона фойдаланиш, истеъмолчилик маданияти борасида мақтана олмаслигимизни айтиб ўтиш ўринлидир. “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Тошлоқ, Ёзёвон, Фарғона туманлари, Қувасой шаҳрида аҳолининг ичимлик суви истеъмоли бўйича қарздорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Хўш, уйингизда жўмракдан оқаётган сув бирдан тўхтаб қолса, нима қиласиз? Сувсиз яшаб бўладими? Йўқ, албатта. Унда нега тириклик манбаи бўлган бу неъматдан тежамкорлик билан фойдаланишни ҳануз ўргана олмаяпмиз?   

                                                                               

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.    

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?