Жиноятчиликдан ҳоли маҳалла

16:29 12 Март 2026 Жамият
187 0

Жорий йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу қарор маҳаллалар ҳаётига янгича рух берди – фаолият шунчалик жадаллашдики, аҳоли кундалик муаммоларини тезда ҳал этиш, тадбиркорлик ва бандликни рағбатлантириш, камбағалликни қисқартириш каби ишлар самараси кўзга ташланади.

Самарқанд вилоятида 1063 та маҳалла фуқаролар йиғини шу вазифани сидқи дилдан амалга оширмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Девори Кўндаланг маҳалласи бунга мисол бўла олади.

Маҳаллада нафақат тартиб ва хавфсизлик сақланади, балки ижтимоий ва маънавий муҳит ҳам соғломлаштирилмоқда. Фуқаролар, айниқса ёшлар билан яқиндан ишлаш эътибор марказида.

– Маҳалламизда 440 та хонадонда 2415 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси Алишер Каримов. – Биз 740 нафар ёшлар билан алоҳида суҳбатлар ўтказдик, 32 та профилактик тадбир ташкил этдик. Шунингдек, 320 нафар иштирокида маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилди, 368 нафарга ҳуқуқий тушунтириш берилди. Фуқаролардан келган 14 та мурожаат ижобий ҳал этилди. Ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни қайта бирлаштирдик, беш нафар бола ота-она бағрига қайтарилди.

Маҳалла “Хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Ҳудудда 18 та кўчада 30 та кузатув камераси ўрнатилди, 920 хонадон видеокузатув билан таъминланди. Барча кўчалар тунги ёритиш чироқлари билан қопланиб, йўллар асфальтлаштирилди. Натижада маҳалла тинч ва осойишта, хавфсиз жойга айланди.

Маҳалладаги кам таъминланган оилалар, “Аёллар дафтари”га кирган фуқаролар ҳомийлар кўмагида озиқ-овқат, маиший техника ва моддий томондан қўллаб-қувватланмоқда. Бугун Девори Кўндаланг нафақат яшаш ҳудуди, балки бандлик, тадбиркорлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига айланди. Маҳаллада ҳар бир инсоннинг қадри улуғланади, меҳнати эъзозланади ва ҳаётий фаровонлик сари қадамлар ташланмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер