Жанубий Кореяда Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилади

13:54 11 Февраль 2021 Дунё
1952 0

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан нафақат туркий тилли халқлар, балки жаҳон маданий меросига муносиб ҳисса қўшган Мир Алишер Навоий ҳайкалини Сеулнинг сўлим гўшаларидан бирига ўрнатиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

Қайд этиш керакки, бугунги кунда Алишер Навоий ҳайкали Токио, Шанхай, Москва, Боку, Минск, Душанбе каби қатор шаҳарларда қад ростлаб турибди.

Корея Республикаси пойтахтида замонавий ҳайкалтарошлик усуллари асосида бунёд этиладиган ушбу ҳайкал икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, маданий алоқаларимизни кучайтириши шубҳасиз.

Таъкидлаш жоизки, буюк мутафаккир, сўз ва ғазал мулкининг султони ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб келмоқда. Унинг асарлари башарият қалбига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратмоқда.

Мамлакатимизда улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш, бебаҳо меросини дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Шу кунларда нафақат юртимизда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги катта тантаналар билан нишонланяпти. Зеро Алишер Навоий бугун ҳақли равишда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари қаторидан жой олган. Унинг асарлари юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ оляпти.

Буюк аждодимиз яратган бебаҳо маданий-маърифий меросдан Жанубий Корея жамоатчилиги ҳам баҳраманд бўлиб келмоқда.

— Алишер Навоийнинг таваллуд айёмини дунё халқлари учун адабиёт байрами десак асло муболаға бўлмайди, — дейди Жанубий Кореянинг Хангкук чет тиллари университети профессори Ли Жи Ин. — Чунки Навоий ўзининг серқирра ижоди билан бутун дунёда эзгуликни, инсонпарварликни, яхшиликни тараннум этди.

Алишер Навоий дунё адабиёти тарихида тенги топилмас сиймо ҳисобланади. Истеъдодининг улуғворлигию теранлиги жиҳатидан ҳам, халқпарвар давлат арбоби сифатида жамиятда тутган юксак мавқеи юзасидан ҳам, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт аҳлига кўрсатган ҳомийлиги жиҳатидан ҳам ўхшаши йўқ сиймодир.

Жанубий Кореяда ҳам Алишер Навоий илмий меросини, унинг асарларини ўрганишга қизиқиш катта. Чунки Навоий мероси ва унинг асарлари ХV асрдан ҳозирги кунгача дунё адабиёти ривожи учун хизмат қилиб келмоқда.

Сеул шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалини очиш борасида элчихона томонидан олиб борилаётган ишларни эшитиш, бир педагог сифатида мени хурсанд қилди. Чунки Навоий ҳайкалининг Корея Республикаси пойтахтида қад ростлаши халқларимиз ўртасидаги тарихи Буюк ипак йўли ривожланган асрлар қаърига туташган маданий алоқаларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?