Зеленский Германияда ва «Толибон»нинг қора рўйхатдан чиқарилиши (+видео)

Покровскда вазият қандай?
Украина ҳарбий қўмондони Александр Сырский Украинанинг Курск вилоятига ҳужумини ҳимоя қилиб чиқди. Расмийларнинг таъкидлашича, ҳужум Россиянинг Покровск шаҳрига интилишини секинлаштирган ва бу стратегиянинг бир қисмидир. «CNN»га кўра, Сырский Покровскни йўқотмаслик учун ҳамма нарсани қилмоқда. Қўмондоннинг қўшимча қилишича, душман сўнгги 6 кун ичида бир метр ҳам силжимаган. Киев Курскнинг 1,300 квадрат километр ҳудудини назорат қилаётгани айтилмоқда.
Пайшанба куни Россия Президенти Владимир Путин Курск ҳужуми Россиянинг олдинга силжишини секинлаштира олмагани ва бу ҳаракат Украинанинг Донецкдаги мудофаасини заифлаштиришга хизмат қилганини айтган эди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Россия Украина шарқидан бир нечта аскарларни Курск шаҳрига кўчирган, у ерда аскарлар этник Чечен жангчилари томонидан қўллаб-қувватланади. Украина раҳбарининг айтишича, Кремль Курскда 60 мингта аскарини жойлаштирган ва Киевнинг мақсади ушбу ҳудудда рус жангчиларини тўплашдир.
Россия томони Покровскдан Шарқда ва яқин атрофдаги бир нечта кичик қишлоқларни эгаллаб олгани, ўн минглаб аҳоли эвакуация қилинаётганини айтмоқда. Сырский ҳам Покровскдаги вазиятни муаммоли деб атаган.
«Биз артиллерия отишмаларининг миқдори ва ҳужумнинг интенсивлиги камайганини биламиз. Менимча, бу стратегия тўғри танланган ва бу бизга керакли натижани беради. Давом этаётган жанглар ва сўнгги бир ҳафта ичида ўнлаб одамларни ўлдирган Россия бомбардимонининг янги тўлқини шароитида Украина АҚШ ва унинг бошқа иттифоқчиларига кўпроқ ҳаво мудофааси билан таъминлаш ва Ғарб томонидан тақдим этилган узоқ масофали қуроллардан фойдаланишга рухсат бериш учун босимни кучайтирди. Ушбу масалалар жума куни Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатадиган Украина Мудофаа алоқа гуруҳи аъзолари Германияда учрашганда муҳокама қилиниши мумкин. Йиғилишга Зеленский ҳам ташриф буюрган ва музокараларда қатнашади. Учрашув олдидан Бирлашган Қироллик йил охиригача Украинанинг ҳаво мудофааси қобилиятини ошириш учун 650 та енгил кўпфункцияли ракета тизимларини етказиб беришини эълон қилди», — деган қўмондон.
Трамп миграция инқирозида Байденни айбламоқда
Америка Қўшма Штатлари ҳозирги Америка маъмурияти даврида ёмонлашган миграция инқирозидан азият чекмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп Харрисбургда (Пенсилвания) сайловчилар билан учрашувда айтиб ўтди.
«Бизнинг асосий муаммомиз бу АҚШ ҳукумати мамлакатга рухсат берган 21 миллион одам. Улар мамлакатимизни заҳарлашди. Улар бу ерга қамоқхоналардан, психиатрик шифохоналардан келишади. Улар орасида террорчилар ҳам бор», дея кескин баёнет берди сиёсатчи.
Трампнинг сўзларига кўра, бу АҚШ дуч келган энг мураккаб муаммо.
Аввалроқ, АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод Камала Харрис сайловда ғалаба қозонса, Конгрессда Америка чегарасидаги чораларни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишини сўрашини айтганди.
Август ойи охирида Техас федерал суди АҚШ президенти Жо Байденнинг мамлакатдаги ноқонуний муҳожирларни қонунийлаштириш бўйича дастурини қабул қилишни тўхтатди. Шунингдек, суд қарори узайтириш имконияти билан икки ҳафта муддатга амал қилиши қайд этилган.
Ўз навбатида, Доналд Трамп муҳожирларни қайтариб олишдан бош тортган давлатларга божларни ошириш билан таҳдид қилди. Сиёсатчи, шунингдек, амалдаги раҳбариятнинг муваффақиятсиз миграция сиёсати туфайли АҚШни жиноят эпидемияси қамраб олганини таъкидлади.
Байден мавзусидан узоқлашмаймиз. Унинг ўғли Хантер Байден унга нисбатан солиқ жиноятлари бўйича барча айбловлар бўйича келишувга эришди.
«Хантер Байден федерал солиқ ишида ўзига қўйилган барча айбларни тан олди», — дейилади хабарда. Оқ уй раҳбарининг ўғлига ҳукм ўқилиши 16 декабрга белгиланган.
Аввалроқ, Жо Байден ҳалигача ўғлини авф этиш ниятида эмаслиги маълум бўлганди. Оқ уй, шунингдек, Хантер Байденнинг айбини тан олиш нияти туфайли унинг жазосини юмшатиш имкониятини рад этган.
2023 йилнинг декабрь ойи бошида президентнинг ўғлига солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун тўққизта айблов қўйилганди. Ушбу айбловларга кўра, 53 ёшли кичик Байден 17 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Қирғизистон «Толибон»ни террорчилик ташкилоти рўйхатидан чиқарди
Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакат ҳудудида судлар томонидан фаолияти тақиқланган террорчилик ташкилотларининг рўйхатини эълон қилди, улар орасида «Толибон» йўқ, деб хабар бермоқда «Анадолу» агентлиги.
Қайд этилишича, 20 та ташкилот номи келтирилган ҳужжатга 2006 йилдан бери Қирғизистонда террорчилик ҳаракати сифатида тан олинган — «Толибон» киритилмаган.
Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари ўринбосари Азамат Юсуповга кўра, Афғонистонда юз берган сўнгги ўзгаришлар сабаб, «Толибон» рўйхатдан чиқарилган бўлиши мумкин.
«Батафсил маълумот олиш учун суд органларига ва рўйхатни эълон қилган Бош прокуратурага мурожаат қилишингиз лозим», дейди у.
Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раисининг бошқа бир ўринбосарининг қўшимча қилишича, Қозоғистонда ҳам «Толибон» террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарилган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда КХШТ давлатлари ҳам ушбу масалани муҳокама қилмоқда.
Акаев «Собиқ президент» мақомини қайтариб олмоқчи
Қирғиз Республикасини 1990 йил 27 октябрдан 2005 йилгача Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимини бажарган Асқар Акаев парламентдан унга собиқ президент мақомини қайтариб беришни сўради.
Маълум бўлишича, Қирғиз парламентининг Конституциявий қўмитаси раҳбари Чўлпон Султонбекова ушбу хатни 5 сентябрь куни олганини ва ҳозирча чуқур ўрганмаганини билдирган.
Асқар Акаевдан йўлланган хат, даставвал, 2024 йил 30 июлда парламент спикери Нурланбек Шакиев номига келиб тушган. Бу вақтда депутатлар таътилдалиги сабабли мазкур мурожаат кўриб чиқилмаган. Султонбекова мактубни ўқиб чиққач, фракция етакчиларига жўнатишини, шундан сўнг маслаҳатлашувлар ўтказилишини айтди. Бу жуда узоқ жараён ва парламент қандай қарор қабул қилиши номаълум, дея қўшимча қилди у.
Асқар Акаев Қирғизистонни мустақилликнинг илк йилларидан 2005 йилгача бошқарган ва шу йилнинг март ойида оммавий норозилик намойишлари фонида ҳукуматдан кетган эди. Ўшанда Акаев ва унинг оила аъзолари Қирғизистондан Москвага чиқиб кетган ва тез фурсатда президентликдан истеъфога чиққанди.
Маълумот учун айтиш мумкинки, 2010 йилда, апрель инқилобидан кейин Акаев Қирғизистоннинг собиқ президенти мақомидан маҳрум қилинганди.
Германия Исроилни огоҳлантирди
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Исроилни Ғарбий Соҳилга ҳарбий ҳужум уюштирмасликка чақирди. Бербок исроиллик ҳамкасби билан учрашгач, бундай ҳаракатлар Исроил хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Маълум бўлишича, немис сиёсатчиси баъзи Исроил вазирларининг Фаластин маъмуриятини ағдариш ва Ғарбий Соҳилда аҳоли пунктларини эгаллашга бўлган чақириқларидан хавотир билдирди. Бербок, шунингдек, Исроилнинг ўнг қанот раҳбарларининг манипуляцион баёнотларини танқид қилиб, Фаластин маъмуриятини мустаҳкамлаш тинчлик учун жуда муҳим эканлигини билдирган.
Унинг таъкидлашича, Германия ва Европа Иттифоқи терроризмга қарши кураш бўйича Фаластин маъмуриятидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр. «Барқарор Фаластин давлати сари қадамлар Исроилнинг узоқ муддатли хавфсизлиги учун зарур», деган у.
Германиянинг ушбу чақириқларига қарамасдан, Исроил Миллий хавфсизлик вазири раҳбарларидан бири Итамар Бен-Гвир Ғарбий Соҳилдаги ХАМАСнинг мағлубиятини давлатнинг ҳозирги можаро мақсадларига киритишга чақирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг