Заковатли курсантлар “Заковат”да беллашишди

10:35 17 Ноябрь 2023 Жамият
312 0

Янги Ўзбекистонда ёш авлоднинг илмга интилиш ва маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, уларнинг қалбида Она Ватанимиз, халқимизга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтириш, баркамол шахсни тарбиялаш, китобга бўлган муҳаббатини кучайтириш, курсантларнинг интеллектуал мантиқий билимини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг “Заҳматли меҳнати орқали орзу-умидлари ушалган инсон – энг бахтли инсондир. Шунинг учун доимо баландларга интилинг, эзгу мақсадингиз учун курашинг. Доимо ўқинг-ўрганинг, ўзингизга ишонинг, кашфиётлар қилинг, янгиликлар яратинг, олдинга дадил қадам ташланг”. – дея айтган сўзлари ёшларимизга дастур амал бўлиб келаётир.

Бу борада, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида ҳам курсантларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда ёшлар ўртасида миллий истиқлол ғояси ва бирдамликни таъминлаш, интеллектуал соғлом рақобатни юзага келтириш, ёшларнинг билимга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, олий ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олаётган заковатли ёшлар билан фикр алмашиш имкониятини яратиш ҳамда ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган кенг қамровли интеллектуал ўйинлар ўтказилмоқда.

Жумладан, 2023 йилнинг 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси курсантлари ўртасида “Менинг байроғим муқаддасдир” шиори остида пойтахтимизнинг “Заковат аренасида” “Заковат” интеллектуал ўйини юқори савияда ўтказилди.

Мазкур тадбирда “Заковат” интеллектуал кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Абдурасул Абдуллаев, “Заковат” нодавлат-нотижорат ташкилоти масъул ходимлари, Академия ҳарбий хизматчилари ва курсантлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Баҳс-мунозараларга бой бўлган ўйин давомида Академиянинг барча батальон курсантлари ўртасидаги 24 та саволлардан иборат шартлар бўйича чинакам билимлар беллашуви бўлиб ўтди десак муболаға бўлмайди.

Қизиқарли ўтган “Заковат” интеллектуал ўйини низом талаблари асосида заковат нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли баҳоланиб борилди.

Ўйин натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган жамоа “Магистрлар” жамоаси биринчи ўринни эгаллаган бўлса, иккинчи ўринни “Статус” жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин эса “Эверест” жамоасига насиб этди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан заковат кубоги, диплом ва ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тантанали тақдирландилар.

Фарҳоджон ХЎЖАЕВ,

Академия катта ўқитувчиси, майор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?