Ёзувчи ва таржимон Олим Отахон — 70 ёшда
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адабий ҳафталик доирасида таниқли ёзувчи ва таржимон Олим Отахон таваллудининг 70 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, ёзувчилар Раҳмон Ҳожимурод, Орзиқул Эргашев, Аббос Саид, драматург Шуҳрат Ризаев, шоирлар Йўлдош Эшбек, Дилшод Шамс, ёш ижодкорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок қилишди.
«Олим Отахон ўзбек адабиётининг йирик вакили, — дейди таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров, — у таржимада бўладими ёҳуд насрда, бирдай ҳаммамиз учун таниш ва севимли. Олим Отахон бугунги ва эртанги давр орасида йўқолиб кетадиган инсон эмас, унинг ёзганлари, унинг сўзи ҳар бир давр учун байроқдир, бу байроқ эса баланд кўтарилган, жуда баланд».
Тадбирда сўзга чиққанлар Олим Отахон ўтган асрнинг 70 йиллари ўрталарида адабиёт майдонига, ўзбек насри йўналишига янги овоз, янги талқин билан кириб келган истеъдодли адиблардан бири эканлиги ҳақида сўз очишди.
Мустақилликнинг илк йилларида ва кейинги 10 йил давомида матбуотда эълон қилинган «Чаноқ», «Уларни тарбиялаган тун», «Одамлар излаётган Мустафо», «Озод қушлар ҳақида қисса» каби насрий асарлари ўзбек адабиётида янги тўлқинни бошлаб берган асарлар сирасига киришини таъкидлашди.
Ёзувчининг «Болалик каптарлари» (1981), «Оқшом хаёллари» (1986), «Озод қушлар ҳақида қисса» (1988), «Адоқсиз кўчалар» (1990), «Сайланма» (2021) китобига жамланган 3 та қисса ва 20 дан ортиқ ҳикоялари оддий китобхон мухлислардан ташқари, бугунги кунда адабиёт майдонида ўз овозига, йўналишига эга бўлган кўплаб таниқли ижодкорларга руҳ берган, баҳс-мунозараларга чорлаган асарлардир.
Олим Отахон истеъдодли ёзувчи бўлиш билан бирга жаҳон адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб, адабиётимизни бойитиш ишларига ҳам улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Айниқса, рус, Лотин Америкаси, Европа ва Япония адабиётига оид Фёдор Достоевскийнинг «Маъсума» (1985 йил), «Ғаройиб олам» (1988), Жек Лондоннинг «Оқ сўйлоқ» (2011) қиссаларини, Хулио Кортасарнинг «Ўйиннинг тугаши» (2018), «Биз Глендани шундай севамиз» (2018), Ясунари Кавабатанинг«Оқ гуллар» (2019), Фёдор Достоевскийнинг «Ўлик уйдан мактублар» (2020) каби гўзал таржималари ҳали ҳамон адабиёт мухлисларининг, ижодкорларнинг севиб ўқийдиган асарлари қаторидан тушмаган.
Раҳмат Бобожон
(«Халқ сўзи»)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг