Ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир дастур қабул қилинди

14:35 30 Январь 2026 Жамият
271 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги тегишли қарори билан «Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастури» тасдиқланди.

Қарор асосида:

  • ҳар душанба куни барча таълим ташкилотларида «Келажак соати» дарси ўтилади, дарс сценарийлари асосида яратилган контентлар «milliytarbiya.uz» электрон платформасига жойлаштирилади;
  • Дастурда белгиланган вазифаларга эришиш мақсадида Ўзбекистоннинг Миллий тарбия модели ишлаб чиқилади;
  • ҳар йили маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул раҳбар ва педагоглар ўртасида «Миллий қадриятлар тарғиботчиси» республика танлови ўтказилади.

2026 йил 1 июнга қадар:

  • Ўзбекистоннинг Миллий тарбия моделининг, ҳар йили 1-сентябрга қадар маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий иш режалари тасдиқланади.

2025-2026-ўқув йилидан бошлаб:

  • «Жасорат мактаблари» ўқувчилари ўртасида икки босқичдан иборат «Жасорат учқунлари» ҳарбий- ватанпарварлик ва спорт мусобақаси ўтказилади.

2026 йил июнь ойида:

  • таълим ташкилотларидаги «Ватан таянчи» ҳаракати аъзоларининг ҳарбий-ватанпарварлик форуми ташкил этилади.

Дастур уч босқичда амалга оширилади:

  • биринчи босқичда — мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган 3-6 ёшдаги болаларга миллий ўзлик туйғусининг ривожланиши, ўз хатти-ҳаракатларини бошқариш ва ўзини намоён қилишга интилиш, теварак-атрофга муносабат кўникмалари сингдирилади;
  • иккинчи босқичда — умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқиётган 7-18 ёшдаги ўқувчиларда буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, ўзига ишонч, мустақил қарор қабул қилиш, соғлом дунёқараш, бағрикенглик, бурч ва масъулият фазилатлари шакллантирилади;
  • учинчи босқичда — ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида билим олаётган 16-22 ёшдаги ўқувчи ва талабаларда миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанини ҳимоя қилишга тайёр, ҳарбий хизматга шай, фидойи шахсни тарбиялаш, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўша оладиган фаол фуқаролик позицияси ривожлантирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер