Ёшлар тадбиркорлигига кенг йўл

00:55 14 Май 2025 Жамият
228 0

Бугунги шиддатли даврда ёшлар иқтисодий фаолиятда самарали иштирок этишини таъминлаш учун уларга юқори сифатли таълим, молиявий ёрдам, рақамли технологияларни ўргатиш ва иш ўринлари имкониятларини яратиш ҳар қачондагидан зарур ҳисобланади.

Шу маънода, “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ёшларнинг иқтисодий ҳаётда фаол иштирок этишини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган янги ташаббусларни ўз ичига олиши билан аҳамиятлидир. Ушбу қарор ўзининг инновацион ёндашувлари билан ёшларни ишга жойлаштириш, стартаплар яратиш ва рақамли технологияларни ривожлантиришда янги имкониятларга йўл очади.

Масалан, қарорда белгиланган “Ёшлар бизнеси” дастури ёшларни тадбиркорликка қадам қўйишга ундайди. Дастур 350 минг ёшни қамраб олишни мақсад қилган бўлиб, ёш тадбиркорларга қўшимча иш ўринларини яратишни назарда тутади. Бу эса ёшларни иқтисодиётга жалб қилиш, уларнинг ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Дастур доирасида ёш тадбиркорларга турли молиявий қўллаб-қувватлаш воситалари, масалан, имтиёзли кредитлар ва микроқарзлар ажратиш орқали уларга ўз бизнесларини бошлаш ва ривожлантириш имкониятлари тақдим этилади. Шу билан бирга, ўқув курслари ва онлайн тренинглар орқали тадбиркорлик кўникмаларини оширишга кўмаклашиш мақсад қилинган.

Ёшларнинг стартап ва инновацион лойиҳаларига ёрдам бериш ҳам мазкур қарорнинг асосий йўналишларидан биридир. “Инновацион ёшлар” лойиҳаси ёшларнинг технологик ишланмаларини тижоратлаштириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва стартапларни ривожлантиришга қаратилган.

Венчур жамғармалари орқали ёш тадбиркорларга капитал инвестициялар киритилиши, шунингдек, стартаплар учун инфратузилмани ривожлантиришга қарз маблағлари ажратилиши режалаштирилган. Бу ёшларни замонавий технологияларни ўрганишга ундайди ва ўз ғояларини амалга ошириш имкониятини беради.

Шу билан бирга, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш учун замонавий асбоб-ускуналар ва лабораториялар тақдим этиш ҳам ёшларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим қисмларидан биридир. Стартап инкубаторлари, технопарклар ва тадқиқот марказларини яратиш орқали ёшлар учун қўшимча имкониятлар яратилади.

Ёшларни рақамли технологиялар ва хорижий тиллар бўйича таълим олишга йўналтириш, уларнинг янги касблар олишига ёрдам бериш — илғор таълим сиёсатининг асосий йўналишларидан бири. Бунда улар касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ўқиш ва ўзларини ривожлантириш имкониятларига эга бўлади, давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланади.

Умуман, ушбу қарорнинг жойларда амалга оширилиши янги бизнес имкониятлари, рақамли технологиялар, стартаплар ва инновацион лойиҳалар ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳаёт сифати ва бандлигини таъминлашга ёрдам беради. Айни чоғда, давлат томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун шароитлар яратиш иқтисодиётда янги тармоқлар ва соҳаларнинг ривожланишига олиб келади.

Эътиборлиси, “Ёшлар бизнеси” дастурини амалга ошириш орқали ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар учун камида 100 мингта қўшимча иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Айни чоғда, Давлат активларини бошқариш агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, AТ “Aлоқабанк”, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бизнес инкубаторлар ташкил этиш учун мос бўлган, бўш турган давлат объектлари ва ер майдонлари рўйхатини шакллантириб, Вазирлар Маҳкамасига “Ёшлар бизнес инкубаторлари” тизимини яратиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини киритиш бўйича иш олиб бормоқда.

Қисқа айтганда, Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори ёшларни иқтисодий жараёнларга жалб қилиш, уларнинг касб-ҳунар ва ишбилармонлик кўникмаларини ошириш, стартаплар ва инновацияларни ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади. Ўз навбатида, бу имкониятлар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инновацион ривожланишига сезиларли ҳисса бўлиб қўшилади.

Зулфия ПЎЛAТОВA,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги

университети Тилларни ўрганиш кафедраси

 ўқитувчиси, педагогика фанлари бўйича

фалсафа доктори (Phd).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер