Ёшлар – эртамизни ҳал қилувчи катта куч

16:31 04 Ноябрь 2025 Жамият
271 0

Бугунги ўзгараётган глобал дунёда ҳар бир мамлакат ўзининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигини таъминлаш учун аввало фуқароларининг ҳуқуқий онги ва маданиятига таянади. Айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий онгини шакллантириш орқали барқарор, адолатли ва демократик жамият қуришнинг мустаҳкам пойдеворини яратишга эътибор қаратади. Чунки ҳуқуқий онг — ёшларнинг ҳуқуқий тизимга бўлган ишончи, қонунга бўлган ҳурмати, ўз бурчларига масъулиятли муносабати демакдир.

Ҳуқуқий онг — инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қонунлар, ҳуқуқий муносабатлар ҳақидаги билим ва тушунчалар мажмуаси бўлиб, шахснинг ҳуқуқий фаоллигини белгилайди. Ушбу билимлар асосида шахснинг амалдаги қонунларга риоя қилиши, ҳуқуқий нормаларга асосланган фаол фуқаролик позицияси, адолат ва қонунийлик тамойилларига содиқлиги намоён бўлади. Ёшлар учун ҳуқуқий онг — шунчаки ҳуқуқий маълумот эмас, балки ҳаётда тўғри қарор қабул қилиш, қонунбузарликдан йироқ туриш ва жамиятда ўз ўрнини топишдаги асосий воситадир.

Нега ёшларда ҳуқуқий онгни шакллантириш муҳим? Кейинги пайтда ёшлар ўртасида кўплаб қонунбузарлик ҳолатлари кузатилмоқда. Ёшлар ҳуқуқий билимларга эга бўлмаса, қонунбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлади. Мисол учун, интернетда жиноятга оид контентлар, товламачилик, фейк хабарлар тарқатиш каби ҳолатлар кўпинча ҳуқуқий саводсизлик натижасида юз бермоқда.

Ёшларда ҳуқуқий онгни шакллантириш усулларидан бири, таълим тизими орқали мактаб ва олий ўқув юртларида ҳуқуқий таълимни сифатли ва замонавий усуллар билан йўлга қўйишдир. Ўқув масканларида “Конституция асослари”, “Ҳуқуқий билимлар” каби фанлар, амалий машғулотлар, суд мажлисларида қатнашиш каби тажриба олиш катта самара бермоқда. Хусусан, таълим муассасаларида ҳуқуқий онгни шакллантиришда, Қонунчилик мавзусидаги давра суҳбатлари, симуляция қилинган суд мажлислари, ҳуқуқий квестлар ва викториналар, “Қонун ва ёшлар” номли лойиҳалар, оммавий ахборот воситалари ва рақамли медиа каби ёшлар орасида интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқий билимларни оммалаштириш юқори самара бермоқда. Қисқа, содда, тушунарли форматдаги видеороликлар, инфографика ва онлайн дарслар ёшларнинг қизиқишини орттирмоқда.

Инсон учун шубҳасиз, оила — биринчи тарбия маскани. Ота-оналар фарзандларига қонунга ҳурматни, адолат ва масъулиятни ўргатиши, ўзининг шахсий намунаси орқали уларда ҳуқуқий маданиятни шакллантиради. Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшлар сиёсати ва ҳуқуқий онгни оширишга доир қатор давлат дастурлари қабул қилинди. "Ёшлар — келажагимиз" давлат дастури орқали ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда. 2022–2026 йилларга мўлжалланган "Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш кўзда тутилган. "Ёшлар дафтари" орқали ҳуқуқий кўмакка муҳтож ёшлар аниқланиб, уларга бепул юридик маслаҳатлар, ҳимоя ва таълим хизматлари кўрсатилмоқда. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият — жамиятнинг интеллектуал салоҳияти, маънавий юксалиши ва сиёсий барқарорлигини таъминловчи омиллардир. Ёшларда бу фазилатларни шакллантириш орқали биз нафақат ҳуқуқбузарликни камайтиришга, балки адолатли, фаол, ҳуқуқий билимли фуқароларни тарбиялашга эришамиз. Бу эса мамлакатимизнинг келажаги – Янги Ўзбекистоннинг пойдевори бўлади.

Тамара Тиллаева,

Юридик фанлари номзоди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер