Ёруғ кунлар қадри

Мингбулоқлик Мустафо ота Муродов бугун умрининг саксонинчи фаслида ҳам ёшига нисбатан анча тетик. Кафтдеккина ҳовлисида рўзғор юмушлари билан андармон. Нигоҳларида ажиб шукроналик, мамнунликни илғайсиз. Боиси ҳаёт аталмиш тирикликдан улуғроқ неъмат, унинг мазмундорлигидан теранроқ бойлик йўқ.
– Қирқ саккиз йиллик меҳнат фаолиятим давомида уч жойда ишладим, – дейди оқсоқол. – Бошида ўқитувчи бўлиб, ўн уч йил қишлоғимиздаги мактабда тарих фанидан дарс бердим. Кейин Самарқанд Қишлоқ хўжалиги институтини сиртдан тамомлаб, давлат хўжалигида ўн тўрт йил директор ўринбосари, мустақилликнинг дастлабки йилларида “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғинига раислик қилдим.
М. Муродов ҳар бири ёстиқдек альбомларни варақлайди. Уларда вилоят марказидан тўрт юз километр олисликдаги мўъжазгина қишлоқнинг оқсоқол фаолияти билан боғлиқ ўтмиши муҳрланган. Қишлоқда иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ёдгорлик ўрнатиш, қишлоқ қабристонига девор айлантириб ободонлаштириш, электр тармоқларини тортиш, ёзги кинотеатр, йўл қурилиши бир сўз билан айтганда, инфратизимнинг барча қулайликлари бевосита оқсоқолнинг депутатлик фаолиятининг самараси, дейиш мумкин. Боиси у 1976 йилдан эътиборан халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашига узлуксиз депутат этиб сайланди.
Овулдаги қурилишларнинг ҳар бири маблағ талаб этиб, ўша йиллар энг аввало уларнинг самарадорлиги инобатга олинарди. Табиийки, бу қанчадан-қанча қоғозбозлик деган гап.
— Овулдаги касалхонамизга УАЗ “Тез ёрдам” машинаси ажратилиши масаласида ўн марталаб Навоийга бордим, — дейди М. Муродов. — Ҳар сафар “навбати билан”, деб қайтариб юборишарди. Мен ҳам қўймадим, охири ажратишди.
Мустафо оға Муродовнинг депутатлик фаолиятидаги жонкуярлигига бежиз тўхталмадик. Оқсоқол яқинда яна вилоят ҳокими қабулига кирди.
— Фарзандларимнинг ҳаммаси уйли-жойли, рўзғоримдаям ҳеч бир камчилик йўқ, – давом этади Мустафо оға. – Яқинда Учқудуқнинг тўрт-беш овулидаги ўзгаришларни кўриб бошим осмонга етди. Мингбулоқ овулидаги 11- мактаб, 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда қишлоқ врачлик пункти тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилганидан аҳоли миннатдор. Кафтдеккина овулнинг ички йўллари асфальтланиб, кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилди. Овул мактабига марказдан келиб дарс берадиган ўқитувчилар учун 4 та уй қурилиб, аниқ фанлар бўйича педагог кадрлар танқислиги барҳам топган. ОШП шифокори ва ОФЙ профилактика нозири ҳам хизмат уй-жой билан таъминланибди. Қарийб ўттиз йил овулимизда бир чўп қадалиб, бирор-бир иморат тикланган эмасди. Бир йилда етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган ўзгаришлар рўй берди. Одамларимиз кўнглига эртанги кунга мустаҳкам ишонч қайтди. Очиғи, ўзгаришларни телевизордан кўриб, бизларга бу янгиликлар қачон келаркан, дердик. Бугун шуларни кўриб турибмиз. Минг қатла шукур шу кунларга етказди.
Албатта, ҳар бир умр унинг соҳиби каби бетакрор. Бинобарин у мамлакатимизнинг қайси гўшасида истиқомат қилмасин, бахтли яшаш, замон тақдим этаётган рўшноликлардан баҳраманд бўлишга ҳақли. Мустафо оға шулар ҳақида ўз мулоҳазалар билдираркан, дуога қўл очади.
Кексалик – уни ҳар ким ўзича тушунади. Тиббиёт жисмоний кучсизланиш деса, аҳли дониш шунчаки ҳаёт давом этмоқда дея эътироф этади. Бир нарса аниқ – кекса дил жиндек эътибор, бир оғиз ширин сўзнинг садағаси. Иймонни самимиятга тиккан кексаларнинг дуоси эса ижобат бўлади.
Темур ЭШБОЕВ
«Халқ сўзи» мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг