Япон қизини ҳайратга солган санъат

10:02 18 Март 2026 Жамият
136 0

Ўшанда япон қизи Эми Имахоре Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институтида тадқиқот ишлари олиб бориш учун юртимизга келганди. Ўзбек миллий маданияти, этнографиясини ўрганишга астойдил киришган Эми олис Шофирконнинг Ҳовлипоён қишлоғига борди-ю халқ амалий санъати устаси Зуҳра Облобердиевага ипсиз боғланиб қолди. Унинг хонадонида икки йил истиқомат қилиб, ўзбек тилини, миллий урф-одатларни, пиллачилик ва бўз тўқиш, хусусан, каштачилик сирларини атрофлича ўрганди.

— Шундан буён Эми ўз қизимдек бўлиб қолган, — дейди 23 йил аввалги воқеани эсларкан Зуҳра опа. — Ҳамкорлигимиз ҳали-ҳануз давом этмоқда. Эътиборлиси, Шофирконнинг қўл меҳнатига асосланган каштачилик мактабини мукаммал ўрганиб, тадқиқ қилган оддий япон қизи профессор даражасига етишди.

Воқеалар ривожидан ўзиб айтиш лозимки, яқинда Токая университети профессори Эми Имахоре Ўзбекистонга, қадрдон хонадонига келиб, Зуҳра опага «Каштачилик аёллар дунёсини қандай ўзгартиради?» деб номланган китобини тақдим этди. Унда нафақат Шофиркон, балки Нурота, Бойсун, Шаҳрисабз каштачилик мактабларининг Темурийлар давридан бошлаб то ҳозирга қадар бўлган ривожланиш тарихи, ўзига хос жиҳатлари, бу ҳунарнинг хотин-қизлар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти тадқиқ қилинган.

— Зуҳра опа ва унинг шогирдлари қўлида жило топган сўзаналар мўъжизанинг ўзгинаси, — дейди Эми Имахоре. — Улардаги нақшларда, рангларда юртингизнинг бетакрор табиати, ўзбек аёлининг қалб кечинмалари, орзу-умидларини кўрасиз.Сўзаналар нафақат мени, балки ватандошларимни ҳам ҳайратга солмоқда. 2024 йилда Токиода Зуҳра опанинг шахсий кўргазмасини ўтказганимизда бунга яна бир карра шоҳид бўлганман. Мен кишидан ўта синчковлик, қунт, юксак дид, кўз нури ва қалб қўрини талаб этадиган бу санъатни Японияда тарғиб қилишдан мамнунман.

Шу ўринда илдизи олис ўтмишга бориб тақаладиган Шофиркон каштачилик мактаби ва унга қайта ҳаёт бағишлаган З. Облобердиева фаолияти хусусида қисқача тўхталиш фойдадан холи эмас. Институтни тамомлаб, фаолиятини оддий қишлоқ ўқитувчиси сифатида бошлаган, болалигидаёқ бувиси Зубайдахон, онаси Зулайхо аядан каштачилик сирларини ўрганган қаҳрамонимиз ўз таъбири билан айтганида, миллий нақшлар ичида яшаб кам бўлмади. Вилоят ҳокимлиги ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Холид Малик ва бошқа соҳа фидойиларининг қўллаб-қувватлаши билан Шофирконда каштачилик мактабига асос солди. Республикамизнинг турли гўшаларидан келган ўнлаб ёшларга ҳунар ўргатди.Муҳими, бир жойда тўхтаб қолмади. Ҳиндистонда бўлиб, табиий бўёқлар тайёрлаш сир-асрорини ўзлаштирди. Индонезия, Туркия, Италия, Япония каби давлатларда ташкил этилган нуфузли халқаро кўргазмаларда қатнашди.

— Она юртимизнинг садақаси кетай, — дейди Зуҳра опа.  — Қай бир мамлакатга бормай «Менинг Ватаним Ўзбекистон, Бухоро», деган чоғимда одамларнинг чеҳраси ёришиб кетади. Ниятим халқимизнинг бой меросини дунёга танитиш эди. Мақсадимга етдим. Қўл меҳнатига асосланган китобим ҳам чоп этилди. У халқ амалий санъати йўналишида сабоқ олаётган талабалар, шу ҳунарга ихлос қўйган ёшлар учун қўлланма вазифасини ўтаяпти.

Дарвоқе, ҳар икки йилда Токая университетининг бир гуруҳ талабалари «Дўстлик» ордени соҳиби Зуҳра Облобердиева хонадонида бўлиб, каштачилик сир-асрорларини ўрганишмоқда. Кунчиқар юрт ёшларидаги ибрат олса арзигулик қизиқиш, интилиш ва масъулиятни кўриб хонадон бекаси ўзини қўярга жой тополмай қолади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер