«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» кўкрак нишони таъсис этилди

17:43 22 Февраль 2026 Жамият
460 0

Вазирлар Маҳкамасининг «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, кўкрак нишони билан «Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фаол фуқаролик позициясини намоён этиб келаётган, мамлакат тараққиёти учун салоҳиятини намоён этаётган, давлатнинг халқаро миқёсдаги нуфузини юксалтиришга ва шон-шуҳратини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган, ватанпарварлиги, фидойилиги ва намунали фаолияти билан ажралиб турган фуқаролар» тақдирланади.

Кўкрак нишонига номзодлар рўйхати қуйидагилар доирасида шакллантирилади:

  • «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари
  • мактаблар ва Президент мактаблари
  • «Янги Ўзбекистон» университети битирувчилари
  • «Президент иқтидорли фарзандлари» ташаббуси ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастури иштирокчилари
  • дунёнинг нуфузли олий таълим ва бошқа ташкилотларида билим ва тажриба орттирган иқтидорли ватандошларни бирлаштирувчи платформа сифатида фаолият юритувчи — Иқтидорли ёшларни қўллаб қувватлаш ҳамжамияти.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тақдирланадиган номзодлар рўйхатини шакллантириш, тақдим этиш ва кўриб чиқиш масалаларини ташкил этиш учун ишчи орган вазифасини бажаради. Шунингдек, нишон билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тақдирланиши мумкин.

Кўкрак нишони ҳар йили Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамжамиятининг қурултойида топширилади. Уни бир шахс бир марта олиши мумкин бўлади. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримова зиммасига юклатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?