Янги кимё заводи ишга тушди

Фото: “Халқ сўзи”
Нуробод туманининг Сазағон массивидаги йиллар давомида фойдаланилмасдан турган ташландиқ майдонлардан Ургут эркин иқтисодий зонаси учун 360 гектар ер майдонининг ажратилиши натижасида ўтган қисқа фурсат ичида ҳудудда қатор саноат корхоналарига асос солинмоқда.
Айни вақтда ҳудудда қиймати қарийб 80 миллион АҚШ доллари бўлган 14 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар 52,4 миллион долларлик 10 та иқтисодий лойиҳалар ишга туширилиб, 500 та янги иш ўринлари яратилди.
Аҳамиятлиси, Ургут эркин иқтисодий зонасининг Сазағон массивида ишга туширилган корхоналар томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 151 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ҳамда 6 миллион АҚШ долларидан ортиқ маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.
Куни кеча массивда россиялик инвесторлар иштирокида яна бир йирик лойиҳа — ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларини ишлаб чиқарувчи янги қўшма корхона ўз ишини бошлади.
Кимё саноатида 145 йиллик тарихга эга бўлган Шёлково Агрохим компанияси ҳам мамлакатимизда яратилган ишбилармонлик ва инвестицион муҳитга катта қизиқиш билдиришган эди. Шу асосда инвесторлар 2018 йилда Ургут эркин иқтисодий зонасининг Сазағон массивида ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича кимёвий воситалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий йирик завод қуришга қарор қилишганди. Давлатнинг қўллаб қувватлови билан ўтган қисқа фурсатда 5 гектар майдонда 30 миллион АҚШ долларига тенг бўлган йирик лойиҳага асос солинди.
— 5 гектар майдонда иш бошлаган корхонада замонавий технологиялар асосида 50 турдаги кимёвий воситалар ишлаб чиқарилади, — дейди қўшма корхона бош мутахассиси Ихтиёр Қўлдошев. — Маҳсулотлар 3 та асосий, 1 та ёрдамчи цехда тайёрланади. Цехларга ўрнатилган технологиялар Европа давлатларида ишлаб чиқарилган сўнги авлод технологиялари бўлиб, 11 та реактор ва 7 та ёмкостлар махсус ускуналар билан жиҳозланган.
Корхонада бугунги кун талабидан келиб чиқиб эмульсияли препаратларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қуйилмоқда. Ушбу қувватнинг ишга тушиши билан биринчи босқичда 100 та янги иш ўринлари яратилди.
Корхонани ишга тушишига бағишланган тантанали маросимда Россия Федерацияси делегацияси, вилоят ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар корхона фаолияти билан танишиб, бу ерда меҳнат қилаётганлар билан мулоқотда бўлди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг