Янги йил арча байрамлари Самарқанд шаҳрининг 6 та ҳудудида ўтказилади
Саноқли кунлардан сўнг 2026-йил кириб келади. Янги йилни кўтаринки кайфиятда қарши олиш, аҳоли ва меҳмонлар учун унутилмас байрам муҳитини яратиш мақсадида Самарқанд шаҳрида “Президент арчаси” тадбирларига тайёргарлик ишлари якунига етмоқда.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, янги йил арчалари шаҳарнинг 6 та асосий ҳудудида ўрнатилмоқда. Улар вилоят мусиқали драма театри ҳамда Темирйўл вокзали олд майдонлари, Сартепо массиви Туркистон кўчаси, Қорасув масканида жойлашган “Янги Ўзбекистон” боғи, Кимёгарлар шаҳарчасидаги Маданият саройи олди ва “Ёшлик” истироҳат боғида қад ростламоқда.

Аҳолига байрамона кайфият улашиш мақсадида Янги йил арафасида шаҳар жамоат транспортида йўловчи ташиш хизмати Қорбобо ва Қорқиз қиёфасидаги 150 нафар ҳайдовчи томонидан амалга оширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг марказий кўчаларида жойлашган корхона, ташкилот ва муассасалар, савдо, умумий овқатланиш ҳамда сервис хизмати кўрсатиш объектлари Янги йил байрами руҳида безатилиб, замонавий ёритиш воситалари ва иллюминациялар билан чиройли тарзда жиҳозланмоқда.
Байрамнинг асосий арчаси жойлашган ҳудуд — Кўксарой майдонида арча конструкциялари, болажонлар учун кўчма аттракционлар ташкил этиляпти. Майдон турли хилдаги замонавий тунги ёритиш воситалари ва иллюминациялар билан безатилиб, байрамона муҳит яратилади.

Шунингдек, арча атрофидаги саҳнада эса Қорбобо ва Қорқиз иштирокида ҳамда таниқли санъаткорлар ва театр ижодкорлари томонидан қизиқарли бадиий чиқишлар намойиш этилади.
Бундан ташқари, шаҳар бозорларида Янги йил ярмаркалари ташкил этилиб, Алишер Навоий кўчаcида турли хил ширинлик маҳсулотлари ва Янги йил совғалари сотиладиган махсус расталар фаолияти йўлга қўйилади.
Вилоятда асосий байрам тадбирлари жорий йилнинг 20 декабридан бошланади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг