Яхши инсонлардан бири эди

Ҳаётда шундай одамлар бўладики, улар тириклик пайтда ҳам, вафотидан кейин ҳам фақат ибратли хотиралар билан эсланади. Оилада, дўстлар даврасида уларнинг ўрни ҳар дақиқа билиниб туради. Эзгу ишлари, хулқ-атвори, маҳалла ва ишхонадаги ижтимоий фаоллиги ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатилади. Тасаввур қилинг, энди бундай инсон МУАЛЛИМ бўлсачи? Унда, унинг ҳаёлик давридаги ёшлар тарбияси, илму маърифатига қўшган камсуқум меҳнатининг қадр-қиммати каррасига юқори бўлади. Азим Тошкентнинг Юнусобод тумани, 19-мавзесида яшаб, умри ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан ўтган Барот Абулқосимов ҳам шундай камтарин, заҳматли айни дамда шарафли касб эгаларидан бири эди.
Устоз, ўтган асрнинг 70-йиллари бошида Самарқанд давлат университети механика-математика факультетида таҳсил олиб, ўз назарий билимини мамлакат пойтахтида амалиётга татбиқ этиш истаги билан Тошкентга йўл олди. У кишининг таржимаи ҳолидаги битикларга кўз югуртирсак, 1952 йили, 2-август куни, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида таваллуд топганлигини англаймиз. Шу боис, у киши билан суҳбатлашганингизда, феълида болалиги қир-адирлар қучоғида, қўйчилик, чорвачилик билан умргузаронлик қилган ота-боболаридан мерос — чапанилик, тўғри сўзлик, соддалик ўз ўрнида бироз қўрслик, бир сўзлик хусусиятлари шундоқ сезилиб турарди. Балки, шу сифатлари туфайли меҳнат жамоасидаги одамлар қалбидан меҳр топгандир. Ҳар қалай, у киши Тошкентга келибоқ, яхши хусусиятли ходимга айланди. Дастлаб, Ўзбекистон Фанлар академияси Кибернетика илмий текшириш институтида муҳандислик лавозимида иш бошлади. 1979 йилдан илмий ходим, 1980-97 йилларда эса катта муҳандис лавозимида фаолият кўрсатди.
—Оиламиз қишлоқдаги катта рўзғорлардан бири эди,-дея, болалигини хотирларди раҳматлик. — Ота-онам 5 қиз, 7 ўғил жами 12 фарзандни тарбиялашарди. Мен оилада 3-фарзанд эдим. Онам раҳматликдан эрта айрилдик. Она меҳрига ташна бўлиб вояга етдим. Поёнсиз қир-адирларда қўй-қўзи боқиб, сигир-бузоқ етакласам-да, қўлимдан китоб тушмасди. Илм-маърифатга бўлган меҳрим мени шундай даргоҳларда ишлашимга, меҳрибон, оқкўнгил, илмли дўстлар орттиришимга сабаб бўлди.
Барот акадаги самимийлик, камтарлик суҳбатдошини бевосита у кишига боғлаб қўярди. Қотмадан келган, бўйчан бу муҳандис-олим аввало МУАЛЛИМ эди. Ўзидаги ана шу фазилатли иқтидорни англаган Барот Абулқосимов 1997 йили, ўша даврнинг донғи чиққан билим даргоҳи — Тошкент давлат техника университети қошидаги академик С.Сирожиддинов номидаги академик-лицейига математика-информатика фани ўқитувчиси бўлиб ишга жойлашди. У кишидан таълим олган ёшларнинг аксарият кўпчилик қисми ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиб, иқтидорли мутахассис бўлиб етишди. Шогирдлари домлани талабчан ва бир сўзлигини ҳали-ҳали ҳурмат ва эҳтиром билан эслашади. Ўқитувчидаги айнан ана шу қаттиққўллик туфайли, лицей ўқувчилари бу нозик ва “ғалати” фанни аъло даражада ўзлаштиришга эришишарди. Барот аканинг ёшларга берган сабоқлари таълимнинг кейинги босқичлари — бакалавриат ва магистратурада ҳам қўл келди. Бу фанни яхши ўзлаштирганлар таниш-билишсиз имтиҳонлардан юқори бал тўплашарди. Шунда, ҳамкасблари у кишига репетиторлик қилишни ҳам маслаҳат беришди. Бироқ домла ёшларни олий таълим даргоҳига фақат репетиторлик орқали муносиб тайёрлаш мумкин деган тўхтамдан йироқ эди. “Хўш уларнинг иқтидори, одобичи? Уни ким тўғрилайди?”-дерди раҳматлик. Шу боис, ёшларга таълим бериш жараёнида уларнинг илмга чанқоқлиги, келажакка интилувчанлиги, касбга иқтидорига алоҳида эътибор қаратди. Барот ака ўзидаги бу талабчанликни оилада болаларга икки ҳисса кўпроқ қўлларди. Фарзандларини ўқимишли, ишбилармон, тадбиркор одамлар бўлишини истарди. Шу туфайли уларни мактабда, лицейда яхши баҳоларга ўқишини тарафдори эди. Бу борада жуда қаттиққўл бўлганидан фарзандлари отанинг эътиборидан қочиб қутулолмасди. Чунки, ҳамма болалар ҳам математика фанини хуш кўришмасди-да. Оғримаган бошни оғритиш кимга ҳам хуш ёқади дейсиз. Лекин отанинг қистови билан болалар яхши билим олишга, олий маълумотли бўлишга интилишди.
Барот Абулқосимов 2005 йилдан бошлаб бир муддат Тошкентдаги Ташқи меҳнат миграциясининг ўқув бўлимини бошқарди. Кейинчалик, 2009 йилдан яна севимли касбига қайтиб, 2016 йилгача Тошкент ахборот технологиялари университетида Олий математика фанидан дарс берди.
Домла меҳнат нафақасига чиққач ҳам ёшларнинг таълим-тарбия жараёнидан ажралмади. Оилада, маҳаллада, қариндош-уруғ ўртасида билимни тарғиб қилиб, ўнлаб шогирдлар тайёрлади. Эл қатори оқсоқол бўлиб, муқаддас Умра ибодатини бажариш учун табаррук маконлар зиёратига отланди. Буюрилган амалларни сидқидил бажариб, маҳалла-куйда, ёру-биродарлар, нуроний кексалар даврасида Барот ҳожи мақомига эришди.
Ҳожи ака бугун оилада, фарзандлар, яқин дўстлар, қариндош-уруғлар даврасида ўзининг нурли сиймоси, ибратли ишлари, хулқ-атвори билан тез-тез эсланади. Нуроний кексалар у кишининг ибратли умридан мамнун эканликларини айтиб, ҳаққига хайрли дуолар қилишади. Зеро, кечаги касб байрами — 1-октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳам ҳамкасблар даврасида ҳожи домласиз нишонланган бўлса-да, устознинг ўрни, самимий табассуми, илиқ суҳбатлари етишмаётгани шундоққина сезилиб турди.
Оиладаги дастурхон тўрида ҳам устознинг ўрни бўш...
Яхшиларни Роббимиз раҳмат қилсин! Математика-информатика фани билимдони Барот ҳожи Абулқосимов орамиздаги яхши инсонлардан бири эди.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг