Ягона йўл – “Ҳалоллик вакцинаси”
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда пора “олди – берди”си билан боғлиқ хабарларга кунора кўзимиз тушяпти. Бу жирканч иллат шунчалик юқумлики, нуфузли ташкилотлар, маҳаллий бошқарув идораларигача кириб бораётгани жуда ачинарли.
– Коррупция иллатини келтириб чиқараётган сабабларидан бири бу йўлга кирган шахсларнинг манфаатга муккасидан кетганидир, – дейди Янги Наманган тумани прокурори Ҳабибулла Исоқов. – Баъзида бошқарув жараёнларининг шаффоф эмаслиги, электрон ҳукуматнинг етарли даражада ривожланмагани, кадрлар танлаш ва тайинлашда холисликнинг унутилиши каби омиллар ҳам кўзга ташланмоқда.
Коррупцияга берилаётганларнинг аксарияти оқу қорани таниган, ҳуқуқий билими етарли, қайсидир ваколатли лавозимда ўтирган, лекин ўзганинг ҳақидан асло тап тортмайдиган ноинсофлар, десак хато бўлади. Уларнинг ўзи шу йўл билан мансабга келган, ҳатто бошқа бировга нафли бўлган ҳужжатни имзолаш учун қаламини текинга ишлатмайди. Кўпчилиги ҳатто корхона ёки муассасасидаги бўш меҳнат ўрнини пуллашни кўзлаган. Мабодо бирор ким бу ерга ҳалол йўл билан келиб қолса, турли баҳоналар билан сиғдирмайди. Таълим тизими, хусусан, кўплаб умумтаълим мактаблари директорлари орасида манфаатлар тўқнашуви яхшигина “оммалашган”.
Шундай ҳолат Наманган шаҳридаги 45-умумтаълим мактабида содир бўлди. Муассаса директори Муҳайё Самадова (исм, шарифи ўзгартирилган) 2024 йил августи ўрталарида инглиз тили муаллимаси Замира Аҳмадалиевани ҳузурига чорлайди. Унга агар 200 доллар берса ўтган йилги дарс соатини сақлаб қолишини шама қилади. Ўқитувчи иложсиз ҳолатга тушади. Раҳбарнинг талабига кўнмаса маоши пасаяди. М. Самадова худди шундай юзсизликни яна икки нафар инглиз тили муаллималарига ҳам ишлатиб, уларга 250-300 доллардан узатиш шартини қўяди. Икки ўт ўртасидаги уч ўқитувчининг тегишли идораларга мурожаати билан тез орада жиноят фош этилади.
Яна бир ҳолат Ўзбекистон Миллий мақом марказининг Наманган вилоят ҳудудий бўлимида содир бўлди. Бўлимда вақтинча директор вазифасини бажариб турган Дилшод Абдураҳмонов (исми, шарифи ўзгартирилган) фурсатдан фойдаланиб қолишни кўзлаб қалтис ишга қўл уради. “Бу курсида омонат ўтирибман, ҳали тасдиқланаманми йўқми” дея хонандалардан бирининг шу ерда ишлайдиган турмуш ўртоғини меҳнат тартибини яримтадан тўла ставкага ўтказиб бериш ҳақидаги илтимосига “100 доллар берсангиз ҳаммаси яхши бўлади”, дея хизмати ҳақини маълум қилади. Табиийки, раҳбарнинг ўйламай босган қадами уни суд муҳокамасига етаклади.
Яна бир қизиқ кузатув. Манфаатлар тўқнашуви аксарият ҳолларда молиявий таъминоти давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган идора ва муассасаларда рўй бермоқда. Ваҳоланки, улар раҳбар ва мутасаддиларининг лавозим ҳақлари тайин, оладиган маоши бошқа бировларникидан каммас. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди Давлатобод туман давлат солиқ инспекцияси инспектори Ш.Р.нинг порахўрлик билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқди. Бу шахс 2024 йил май ойидан маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторлари шўъбаси инспектори лавозимида ишлаб, ўзига бириктирилган учта маҳалла ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлардан “улуш” олиб келган. У назорат чоғида “Ғирвон” савдо мажмуаси олдида савдо қилаётган А.Книнг дўконига кириб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмай иш олиб борилаётганини аниқлайди. Ушбу ҳолат уддабурон солиқчи учун айни муддао бўлади. Ҳуқуқбузар тадбиркорга нисбатан далолатнома тузмаслик эвазига уч миллион сўм талаб қилади. Судланувчи Ўрта Ғирвон МФЙ ҳудудида жойлашган бир қатор тадбиркорлардан даромад солиқларини нақд беришса, шахсий ҳисоб варақларига тўлаб қўйишни айтиб уларни алдайди. Бироқ, айтганида турмасдан 12 миллион 347 минг сўм маблағни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Манфаатлар тўқнашуви кўринишида аниқланган ва суд идоралари томонидан тегишли баҳосини олган бу сингари мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Нега улар кўпайиб бормоқда? Кези келганда танганинг иккинчи томони, ўз манфаатини ўйлаб, ишини қонун ёки ўрнатилган тартиб-қоидаларга хилоф равишда битиришга ружу қўйган фуқароларимизнинг алоҳида ваколатга эга бўлган мансабдорларга “олди-берди” учун шароит яратиб бераётганликлари ҳам қинғирликнинг урчишига сабаб бўлмаяптими, деган саволни долзарб қилиб қўйишга тўғри келади. Одатда кўпчилик порани ўз ихтиёри билан беради, лекин ҳуқуқини ҳимоя қилиб бу ҳақида тегишли идораларга хабар қилишни хоҳламайди. Фақатгина дўппи тор келиб қолганда аюҳаннос солади. Қани, мактаб директорига узатган ўқитувчидан “Қачон, қанча бердингиз?” деб сўраб кўринг-чи, ҳақиқатни айтармикин? Эртага раҳбарларнинг эътиборига тушиш, аксарият ҳолларда ўз ишини қонунни четлаб битираётганидан қўрқади. Бу андишами ёки сурбет раҳбарнинг тегирмонига сув қуйиш? Аслида қонунда белгилаб қўйилганидек, пора бераётган ҳам жиноятнинг теппа-тенг иштирокчисидир. Айрим соҳаларда самарали назорат тизими шаклланмаганлиги, мутасаддилар фаолияти жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларига очиқ эмаслиги, баъзида бундай ҳолатларни кўриб-кўрмасликка олинаётганлиги, раҳбар кадрларни танлашда субъектив жиҳатларнинг устун келаётганлигининг аччиқ меваси бу.
Коррупция жамият тараққиётига ғов, жамият учун энг хатарли иллатлиги бутун дунёда исботини топган. У бор жойда қонун кучини йўқотиб, адолат яксон бўлади, ҳаммасидан ёмони одамларда бефарқлик, эзгу ғояларга ишончсизлик кўринишлари илдиз отади. Тамагирлик билан олинган пул қайсидир бемор муолажасига тўсиқ, кимнингдир оилавий бюджетидан ўғирлик, бошқа бировнинг фарзанди келажагига хиёнатдир. Бинобарин, “Сендан угина мендан бугина” қабилидаги ўзаро тил бириктиришларга қарши курашни янада кучайтирмасканмиз, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш осон бўлмайди. Ягона йўл – “Ҳалоллик вакцинаси” ҳар бир соҳа, жамият ҳаёти учун масъул ҳар бир мансабдор шахсга етиб борсин!
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг