Водий энергетиклари Андижонда тажриба алмашдилар

15:46 04 Апрель 2022 Жамият
639 0

Фото: Халқ сўзи

Сир эмаски, Фарғона водийси вилоятларида электр таъминотидаги узилишлар ҳудуд истеъмолчиларини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган масалалардан биридир. Айниқса, куз-қиш фаслида аҳолининг бу борадаги ташвиши ўн чандон ортади.

Албатта, соҳа масъуллари қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Тизимдаги муаммоларни ҳал этиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, самарали лойиҳаларни амалга ошириш, пировардида истеъмолчиларга қулай шароит яратиш чора-тадбирлари кўриляпти. Лекин амалиётда қандай натижаларга эришилмоқда?

Фарғона водийси вилоятлари энергетикларининг Андижон шаҳрида бўлиб ўтган семинарида шу каби саволларга ечим топилди.

— Андижон вилоятида 577 минг 700 нафар истеъмолчи ҳисоблагичларини АСКУЭ тизимидаги замонавий ҳисоблагичларга алмаштириш орқали биллинг тизимига улаш ишлари олиб борилди, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Рўзиқул Райимов. — Натижада истеъмолчилар билан электр энергияси етказиб берилиши юзасидан ҳисоб-китоблар автоматик тарзда йўлга қўйилди. Бу орқали таъминотда узлуксизлик ва шаффофликка эришилмоқда. Шу билан бирга 7 минг 244 та трансформатор пунктларига концентратор қурилмалари ва баланс ҳисоблагичлари ўрнатилди.

Семинарда маълум қилинишича, жорий этилган ушбу тизим орқали истеъмолчи фойдаланиладиган электр энергиясини олдиндан тўлов орқали сотиб олади. Қарздорлик юзага келган ҳолатда истеъмолчи автоматик тарзда таъминотдан узилади. Тўлов амалга оширилгач, электр энергияси етказиб бериш қайта йўлга қўйилади. Бу орқали электр энергиясини ўғирлаш, ундан ноқонуний фойдаланиш каби салбий ҳодисаларнинг ҳам олди олинади.

Тадбир иштирокчилари Андижон шаҳридаги «Исломобод» МФЙда бўлдилар.

— Ушбу маҳалладаги мавжуд 1 минг 308 та хонадонни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида мавжуд 9 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди, — дейди «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг Андижон шаҳар филиали бошлиғи Озодбек Акбаров. — Истеъмолчилардаги мавжуд ҳисоблагичлар замонавийсига алмаштирилди. Уларни АСКУЭ тизимига улаш учун 6 та концентратор қурилмаси ишга туширилди. Амалга оширилган лойиҳа туфайли ушбу манзилда электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳам, қарздорликлар ҳам барҳам топмоқда.

Барча ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар, энг аввало, инсон манфаатларига хизмат қилмоғи керак. Шундай экан, электр таъминотидаги янги тизимга истеъмолчиларнинг муносабати қандай?

— Ҳар қандай янгилик кишида иккиланиш ҳолатини юзага келтириши табиий ҳол, — дейди «Исломобод» МФЙда истиқомат қилувчи Абубакир Абдусаломов. — Биз ҳам аввалига бу тизим натижа беришига у қадар ишонмагандик. Ҳозир эса миннатдормиз. Сабаби, электр энергияси таъминотидаги узилишлар барҳам топди. Олдинлари назоратчилар дарвозамизни тақиллатмагунича тўловни амалга ошириш ёдимиздан чиқиб қоларди. Энди бўлса қарздор истеъмолчилар автоматик тарзда тармоқдан узиб қўйиляпти. Шу боис олдиндан тўловни амалга оширишни ўргандик.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?