Вилоятда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича янги тизим жорий қилинади

18:20 25 Ноябрь 2025 Сиёсат
284 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ургут туманининг 112 минг гектар майдони бор, шундан 12 минг гектари суғориладиган, 40 минг гектари яйлов ва 22 минг гектари тоғ ҳудудларини ташкил қилади. Бу йилдан 2 минг гектар ғалла ерлари, 3,5 минг гектар тамаки ерлари мева-сабзавот экишга ўтказилмоқда. Янги қўшилаётган 5,5 минг гектарда юқори даромад берадиган экспортбоп маҳсулотлар етиштириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, ғалла ва тамакидан бўшаган ерларнинг 3 минг гектарида оқ кишмиш экилиб, майиз қилинса, туманда қўшимча 80 миллион долларлик экспорт бўлади.

Шунингдек, Ургут туманидаги 500 гектар тоғ-олди ва яйловда саноатлашган узумзор ташкил этиб, 10 гектардан аҳолига бўлиб бериш ташаббуси билдирилган. Иштихон туманида ҳам келаси йил 2 минг гектар қир-адирда бундай узумзорлар ташкил қилинади.

Ушбу ерларга сув олиб чиқиш мақсадида 50 та артизан қудуғи қазиш, 15-20 киловаттли қуёш панели ўрнатиш харажатлари учун 30 миллиард сўм арзон ресурс берилади.

Ургутдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг 51 фоизи чорвачиликка тўғри келади.

Туманда 40 минг гектар яйлов бўлсада, шундан атиги 1,5 минг гектари чорва хўжаликлари учун ажратилган. Ваҳоланки, уруғ ва агротехнологиялар яхшиланса, чорвачилик қилса бўладиган 14 минг гектарда яна 40 минг бош қўй-эчки боқиш мумкин. Бу – йилига 100 минг тонна гўшт ва вилоят талабининг 50 фоизи шуни ўзидан қопланади, дегани.

Мутасаддиларга 40 минг бош қўй-эчки бўйича лойиҳани молиявий манбалари билан ҳал қилиш, яйловларни ўзлаштириш бўйича Ургутга мутахассис олиб келиш топширилди.

Умуман, вилоятда 688 минг гектар яйлов бор. Бу – чорва озуқаси учун жуда катта имконият.

Эндиликда чорваси бор фермерлар учун яйловлардаги бўш ерлар қийматининг 1 фоизи миқдоридаги нарх билан аукционга чиқарилади.

Умуман, Осиё тараққиёт банкининг 63 миллион доллари ҳисобидан 200 минг гектар яйловда озуқабоп экинлар экиш бўйича лойиҳани бошлаш топширилди.

Вилоят қишлоқ хўжалигини асосий сув манбаи Зарафшон дарёси бўлиб, ундан келаётган сув ҳажми йил сайин камайиб бормоқда. Дарёдаги сув ҳажми камайиб кетгани учун ер ости сувларидан фойдаланиш даражаси 2 баробар ошган.

Шу боис, кейинги йил камида 30 минг гектарда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш зарурлиги қайд этилди.

Энди вилоятдаги фермерлар учун томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни жорий қилишга бериладиган кредит фоизи 14 дан 10 фоизга туширилади, пахта майдонларининг ҳар бир гектари учун 12 миллион сўмгача субсидия берилади.

Вилоятда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Сув солиғи тушуми тўлиқ туман сув корхоналари ихтиёрига ўтказилиб, фақат ариқ ва каналларни бетонлашга сарфланади. Бунинг натижасида ҳар йили 1 минг километр тупроқ канал ва ариқлар бетон қопламага ўтказилади.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари масъулларнинг ҳисоботлари ва режаларини тинглади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?