“Вилоят ҳокими стипендияси” ғолиблари тақдирланди

16:22 13 Октябр 2025 Жамият
340 0

Қарши давлат университетида ўтказилган “Talaba Expo – 2025” касб кўргазмаси доирасида “Вилоят ҳокими стипендияси” танловининг жорий йилги ғолибларига тегишли сертификатлар топширилди.

Таъкидлаш жоиз, 2023 йилда Қашқадарё вилояти ҳокими ташаббуси билан вилоятдаги олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари учун “Вилоят ҳокими стипендияси” жорий этилганди.

Танловнинг бу йилги университет босқичларида сараланган 42 нафар номзод вилоят босқичи ғолиблиги учун баҳс олиб боришди. Тегишли низом талаблари асосида икки босқичли синовларда сараланиб, энг юқори балл тўплаган 14 нафар талаба “Вилоят ҳокими стипендияси”нинг бу йилги совриндорларига айланишди. Улар орасида Қарши давлат техника университетининг иқтисодиёт факультети талабаси Феруза Қурбонова ҳам бор.

— Ўз танлаган соҳамни пухта ўрганиш билан бир қаторда, спортнинг шахмат тури билан шуғулланиб келмоқдаман, — дейди у. — Шу вақтга қадар ушбу спорт тури бўйича республика ва халқаро миқёсдаги кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгалладим. Вилоят ҳокимининг стипендиясига сазовор бўлишим эса мен учун яна бир катта ютуқ бўлди.

Маълумот ўрнида: “Вилоят ҳокими стипендияси” ғолибларига ўқув йилининг сентябрь ойидан июнь ойигача ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида қўшимча стипендия тўлаб борилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер