Вьетнамда хоразмлик фермерлар маҳсулотларига талаб ортмоқда

14:32 28 Май 2018 Иқтисодиёт
2270 0

Урганч туманидаги “Ташаббус Дўрман” фермер хўжалиги томонидан Вьетнамга 1,5 миллион АҚШ долларилик мош экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланди. 

Ушбу келишувга бир гуруҳ вьетнамлик ишбилармонларнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида эришилди. 

“Ўзмиллийбанк” қошидаги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Хоразм филиали томонидан ташкил этилган мазкур сафардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, хусусан, вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, фермер ва тадбиркорлар ишлаб чиқараётган рақобатдош маҳсулотлар билан хорижий ҳамкорларни кенгроқ таништириш иборат эди. 

— Олиб борилган музокараларимиздан сўнг ветнамлик кўплаб ишбилармонлар саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишга қизиқиш билдиришди, — дейди  Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Хоразм филиали раҳбари Отабек Атамуратов. — Шундай кейин уларни юртимизга таклиф қилдик. Хорижий ҳамкорлар ташриф давомида Урганч туманидаги қовун, сабзи ва анорни қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Хоразм қовунлари” МЧЖ, мошни қайта ишлаб, қадоқлаш йўлга қўйилган “Ташаббус Дўрман” фермер хўжалиги, Урганч шаҳридаги кунжутни қайта ишлайдиган “Сплеш Ургенч” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишишдилар. Натижада томонлар ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар. 

“Ташаббус Дўрман” фермер хўжалиги раҳбари Тоҳир Рўзметовнинг айтишича, 2017 йил охирида мошни қайта ишлаш йўлга қўйилган. У ўтган қисқа вақт ичида жамғарма кўмагида АҚШ ва Хитойга ҳам мош етказиб бериш бўйича қиймати 700 минг долларлик шартномалар тузишга муваффақ бўлди. Бу Хоразм вилояти заминида етиштирилган маҳсулотлар ташқи бозорда тобора харидоргир бўлиб бораётганидан далолат беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?