Венесуэлада фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Каракас кўчаларида қуролланган норасмий гуруҳлар
Каракас кўчаларида колективос, 2026 йил 4 январь
АҚШ махсус бўлинмалари Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олганидан сўнг дарҳол, вице-президент Делси Родригес бошчилигидаги янги ҳокимият мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилди. Каракас кўчаларида патруллар ва блокпостлар пайдо бўлди — бу патрулларда фақат ҳарбийлар ва полиция эмас, балки колективос ҳам иштирок этмоқда.
Колективос — ҳукумат тарафдори бўлган қуролланган гуруҳлар аъзолари бўлиб, Украина ва Россияда «титушкалар» деб аталадиган тузилмаларнинг венесуэлача муқобили ҳисобланади. Улар пиёдаларни ва автомашиналарни тўхтатиб, тинтув ўтказмоқда, айрим ҳолларда телефонларни ҳам текширмоқда. Расмий изоҳга кўра, бу ҳаракатлар АҚШ махсус операциясига эҳтимолий ёрдамчиларни аниқлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Маълумотларга қараганда, бир қатор мухолифат фаоллари ва журналистлар ҳибсга олинган.
Колективос мухолифатга қарши зўравонлик акциялари билан яхши танилган. 2012 йилдан бери ўтказилган барча сайлов кампаниялари давомида, шунингдек, Николас Мадурога қарши намойишлар пайтида улар режимга қарши кўча акцияларини тарқатиб юборишда қатнашган, ҳатто ўқотар қурол ишлатган ва одамларни ўлдирган ҳолатлар ҳам бўлган.
Колективос ягона ташкилот эмас — улар турли, бир-биридан мустақил гуруҳлар йиғиндисидан иборат. Уларнинг аксарияти ички ишлар вазирлиги назоратида бўлиб, бу идорани ҳукмрон режимнинг «куч тузилмалари қаноти» вакили, Мадуронинг собиқ сиёсий рақиби Диосдадо Кабельо бошқаради.
Худди шу колективос Венесуэла президентининг расмий қароргоҳи — Каракас марказидаги Мирафлорес саройини қўриқлайди. Мадуро эса у ерда эмас, балки пойтахтнинг жанубий чеккасида жойлашган Фуэрте-Тиуна ҳарбий базасида қўлга олинган.
Куч тузилмалари ҳаддан ташқари кўплиги айрим нохуш ҳодисаларга олиб келмоқда
Кўчаларда хавфсизлик кучларининг оммавий равишда жойлаштирилиши айрим нохуш ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. 6 январга ўтар кечаси Мирафлорес саройи қўриқчилари сарой яқинидан учиб ўтган дронларга ўқ узишган — кейинчалик бу дронлар ҳарбий ёки полицияга тегишли экани маълум бўлган.
Колумбия, АҚШ ва бошқа давлатлардаги Венесуэла диаспораси орасида Мадуро ағдарилиши кўча байрамлари билан кутиб олинди. Аммо Венесуэланинг ўзида бундай манзара кузатилмади. Биринчидан, режим амалда сақланиб қолди — фақатгина ягона ва мутлақ етакчисиз қолди, холос. Норозиликларни бостириш аппарати ҳам ўзгаришсиз қолди. Иккинчидан, Венесуэла аҳолиси орасида, ҳатто Мадуродан норози бўлганлар ўртасида ҳам, қувончдан кўра хавотир ва ноаниқлик ҳисси устун.
Каракас ва бошқа шаҳарларда кўча акциялари бўлди, аммо улар маҳаллий ва иштирокчилар сони кам эди. Бундан ташқари, кўплаб митинглар АҚШнинг Венесуэла ички ишларига аралашувига қарши қаратилган эди. Бундай акциялар полиция, ҳарбийлар ва колективос томонидан айниқса қаттиқ қўриқланди. АҚШ ҳаракатларидан норозиликни ҳатто Венесуэла мухолифатининг кўплаб вакиллари ҳам билдирмоқда.
Дўконлар, алоқа ва кундалик ҳаётдаги муаммолар
Каракас ва бошқа Венесуэла шаҳарларида дўконлар чекланган тартибда ишламоқда: биринчи куниёқ одамлар саросима билан оммавий равишда харид қилишга киришди ва узоқ йиллик иқтисодий инқироздан азият чекаётган мамлакатдаги захиралар тезда тугади. Кафеларда эса ташриф буюрувчилар одатдагидан анча кам.
Айрим ҳудудларда электр энергияси ва сув йўқ, уяли алоқа ишламайди — бу АҚШ зарбалари оқибатидаги шикастланишлар туфайлими ёки узоқ давом этаётган инқироз сабабли экани аниқ эмас.
«Ҳеч нарса аниқ эмас»
The Guardian мухбирлари Каракас кўчаларида суҳбатлашган одамлар ўз ҳис-туйғуларини «ишончсизлик, ғазаб ва хавотир» сўзлари билан ифодалашган. CNN эса бошқа венесуэликларнинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Гўё тўлиқ қоронғуликдаман. Мамлакат ва ўзимиз билан нима бўлишини тасаввур қила олмайман».
«Фақат ноаниқлик бор. Ҳокимият алмашгандек ҳис йўқ, чунки ҳаммаси аввалгидек қолди. Фақат битта нарса аниқ — ҳеч нарса аниқ эмас».
The Wall Street Journal билан суҳбатда иштирок этганлардан бири эса шундай деган:
«Ҳукуматлар келади ва кетади, биз эса қоламиз. Биз эса ишлашимиз керак».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг