Uzbekistan Airways масъуллари Бухорода сайёр қабул ўтказди

12:43 19 Декабрь 2025 Жамият
160 0

Хизмат кўрсатиш соҳасини ҳаво йўлларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг хусусан, туризм ва тадбиркорлик равнақида алоҳида ўрни бор. Узоғимизни яқин қиладиган бу тизим ривожи эса кўп жиҳатдан шу соҳа хизматидан фойдаланиб келаётган ёки фойдаланиш ниятидаги фуқароларнинг, фикр- мулоҳазалари, таклифларини ўрганишга боғлиқ. Ана шуни инобатга олган Uzbekistan Airways масъуллари томонидан Бухоро шаҳридаги “ишга марҳамат” мономарказида кўчма сайёр қабул ўтказилди.

Очиқ мулоқот шаклида кечган тадбирда вилоят Савдо – саноат палатаси, туризм бошқармаси вакиллари, жисмоний ва юридик шахслар, авиачипта сотуви агентлари, шунингдек, сайёҳлик компаниялари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Uzbekistan Airways томонидан халқаро ва ички парвозлар географиясини кенгайтириш, авиапарк имкониятларидан оқилона фойдаланиш,хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мулоқотда сўз олганлар шуларни алоҳида қайд этган ҳолда маҳсулотни ҳаво йўллари орқали экспорт қилиш борасида қандай имтиёзлар борлиги, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, чипта нархларини арзонлаштириш каби масалалар юзасидан масъулларга мурожаат қилишди. Бухорода янги замонавий халқаро аэропортнинг қурилаётгани ҳам Uzbekistan Airways имкониятларини янада кенгайтириши таъкидланди.У соатига 1200 йўловчига сифатли хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бинодан тўғридан тўғри ҳаво кемасига ўтиш йўлаги барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

Сайёр учрашувда кўпчиликни қизиқтирган қатор масалаларга шу ернинг ўзида ечим топилди. Бир қатор таклифлар эса соҳа масъуллари томонидан ўрганиб чиқилиши айтилди. Мулоқот маркетинг ишларини олиб бориш, хизмат сифатини ошириш, парвозлар географиясини қамровини кенгайтириш нуқтаи назаридан фойдали бўлди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер