Uzbekistan Airways жорий йилдаги бешинчи Airbus A320neo ҳаво кемасини кутиб олди

16:45 29 Декабрь 2023 Жамият
865 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Янги авиалайнерни қабул қилиш учун Францияга келган авиакомпаниянинг парвоз ва техник ходимлари Airbus концернининг Тулузадаги завод аэродромида барча зарур текшириш синовларини ўтказди. Авиакомпания ўзининг ливреяси билан бўялган UK32027 рақами остида рўйхатдан ўтган авиалайнер маҳаллий вақт билан соат 08:00да Тошкент томон парвоз қилди ҳамда 6 соату 40 дақиқадан сўнг Ўзбекистон пойтахтига келиб қўнди.

Ҳаво кемаси BOC Aviation Limited компаниясидан узоқ муддатли ижара асосида сотиб олинган. Шундай қилиб, жорий йилда бешта Аирбус ҳаво кемасини етказиб бериш режаси муваффақиятли амалга оширилди.

Эътиборлиси, авиалайнерни Uzbekistan Airways ҳаво флотига Янги 2024 йил арафасида етиб келди. Тошкент аэропортида ҳаво кемасини нафақат авиакомпания раҳбарияти, ходимлари ва уларнинг фарзандлари тантанали кутиб олишди, балки улуғвор Янги йил анъаналарига кўра, барчани кутиб олиш учун Қорбобо ва Қорқиз ҳам келишди.

Ҳаво кемаси Uzbekistan Airways'нинг тажрибали инструктор учувчилари – Алексей Харлап ва Жамшид Одиловлар бошқарувида олиб келинди.

«Мамлакатимизда йўловчи ҳаво транспорти соҳасида рақобат кучайиб бораётганига қарамай, Uzbekistan Airways шубҳасиз, соҳада етакчи бўлиб қолмоқда. Авиакомпаниянинг бутун жамоаси – учувчилар, борткузатувчилар, авиатехниклар, ердаги хизмат кўрсатиш мутахассислари йилни яхши натижалар билан якунлаш учун бор куч-ғайратларини ишга солишди. Йўловчилар оқимини кўпайтириш, ҳаво кемалари паркини тўлдириш, янги йўналишларни очиш, об-ҳаво шароити парвозни аниқ жадвал бўйича амалга оширишга имкон бермаган табиат қийинчиликларига қарамай, сифатли парвоз хизматининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш – бу вазифаларнинг барчаси муваффақиятли ҳал қилинди ва Uzbekistan Airways янги 2024 йилга янги режалар ва мажбуриятлар билан қадам қўймоқда. Аммо бир нарса ўзгаришсиз қолмоқда – йўловчиларнинг хавфсизлиги ва қулайлиги. Ана шу тамойиллардан келиб чиққан ҳолда авиакомпаниямиз бундан кейин ҳам барча кўрсаткичларни ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва йўловчиларимизга янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ишларни олиб боради», – деди «Uzbekistan Airways» АЖ Бошқаруви раиси Шуҳрат Худайқулов.

Янги авиалайнер аллақачон жадвалга киритилган. У ўзининг илк парвозини маҳаллий йўналишда амалга оширади.

Uzbekistan Airways Ўзбекистондаги энг йирик авиакомпания ҳисобланади. Акциядорлик жамияти мақомига эга. Унинг авиапаркида Boeing 767/787, Airbus A320ceo/320neo/321neo/A330, L-410, ATR-72 каби ҳаво кемалар мавжуд.

Авиакомпания 2022 йилда 3,9 миллиондан ортиқ йўловчини ташиди. Йўналишлар тармоғи ва ҳаво кемалар паркини доимий равишда кенгайтирмоқда ҳамда кўрсатилаётган хизматлар даражасини яхшилайди. Парвоз хавфсизлиги эса авиакомпания учун доимо устувор вазифа бўлиб қолади.

Uzbekistan Airways мунтазам, чартер ва юк ташувчи авиқатновларни амалга оширади ҳамда Uzbekistan Airways Express loukoster тизимига эга.

Uzbekistan Airways таркибига қуйидаги компаниялар ҳам киради: «Uzbekistan Helicopters» МЧЖ, «Uzbekistan Airways Technics» МЧЖ, «Catering» МЧЖ, «Ўқув-машқ маркази» МЧЖ.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер