Уста Николайнинг армони
Николай Анисимов миллий ҳунармандчилигимизнинг қадимий турларидан бўлган мискарлик, рехтагарлик, кандакорлик соҳаларида бирдек камолот касб этгани туфайли нафақат Бухорода, балки республикамизда ҳам юксак ҳурмат-эътибор қозонган. Бу соҳаларнинг қадрига етадиган мутахассислар, коллекционерлар уни биргина сўз билан “Уста” деб таърифлашади.
Бу ўз касбини севган инсон учун энг юксак унвон. У ясаган мискарлик, кандакорлик буюмлари ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳини, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги шахсий коллекцияларни, Бухородаги Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, пойтахтимизнинг Ҳастимом меъморий мажмуаларини безаб турибди. Фарзандлари Дмитрий, Владимир ҳам ота касбини давом эттиришмоқда. Ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган кўргазмаларнинг вилоят ва республика босқичларида уларнинг ишлари юксак баҳоланган.
— Модарихон мадрасасининг бир-икки ҳужрасини ҳунармандлик устахонасига айлантириб, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошидан шу ерда фаолият юритиб келаяпман, — дейди Николай ака соф ўзбек тилида. — Аллоҳга шукр, мусулмон бўлганимга 20 йилдан ошди. Мадрасанинг ўнлаб ҳужралари бўш ётгани афсусланарли, қанийди, ҳунармандлар бу жойларни тўлдириб, аждодларининг касбу корларини давом эттиришса, дейман.
Маълумотларга қараганда, Бухоро XVIII асрдан XX аср бошларига қадар мискарлик, кандакорлик бўйича Марказий Осиёнинг асосий маркази ҳисобланган. XX аср бошларида бу ерда 100 нафар мискар фаолият юритиб, уларнинг 50 нафари ҳунармандчилик буюмларини юқори сифат билан ясаш иқтидорига эга бўлган. Ўтган асрнинг ўрталарида мискарлик, кандакорлик бу ерда таназзулга учраб, ҳақиқий усталар қолмади. Аммо бундан ўттиз йиллар муқаддам Николай Анисимов миллий ҳунармандчиликнинг бу қадимий турларини қайтадан тиклашга қарор қилди ҳамда соҳага доир китоблар, альбомлар, каталоглардан чойнак, чилим, дастшўй сингари буюмларни қандай ясаш кераклигини мустақил ўргана бошлади. Бу йўлда унга сулолавий мискар уста Саид Фаёзовнинг таъсири ҳам катта бўлди.
— Қадимий масжиду мадрасаларнинг ҳар бир ғишти руҳий қувват, маънавий нур тарата олишини ҳис этган ҳунармандгина муваффақият қозона олади, — дейди уста Николай комил ишонч билан. — Дунёнинг турли чеккаларидан бу ерга сайёҳлар шунинг учун оқиб келишади.
— Модарихон мадрасасига ҳамма сайёҳлар ҳам келаверишмайди, — миллий ҳунармандчилик буюмлари ошуфтаси, уста Николайнинг мухлиси Сулаймон Муҳсинов мадраса ҳовлисида сочилиб ётган стол-стулларга ишора қилади. — Аввалдан қизиқиб, маълум маълумотларга эга бўлиб, атай қидириб келадиган чет эллик сайёҳлар учун ҳар бир ғишт, деворлардаги қадимий нақшлар мўъжиза бўлиб кўринади, соатлаб тикилиб ҳам тўйишмайди. Маҳаллий сайёҳлар эса бу ерда ош пиширадиган дошқозон борлигини эшитиб келишади — бундай муносабат ҳар қандай кишини афсуслантирмасдан қолмайди...
— Ҳунармандчиликнинг металл билан боғлиқ турлари йўқолиб бораётгани жуда ачинарли, — дейди Николай Анисимов. — Қозоғистон киноижодкорлари катта маблағ йўналтирилган “Кўчманчилар” бадиий фильмини суратга олишаётганда, аскарлар дубулғасини ясайдиган устани ўзларида тополмай, менга келишганди. Фарзандларим билан ишлаб, уларга 16 та дубулға ясаб берганмиз. Мен ўз касбимни ёшларга ўргатиш учун ҳамиша тайёрман. Ўқув даргоҳи очиб беришса ҳам, майли, ўзим ўқитиб, ўзим тарбиялайман, устахона очиб беришса ҳам розиман — гап номда эмас, амалий натижада.
2018 йил 10 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Бухоро вилояти “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат унитар корхонаси” директори в.в.б. А. Пўлатов имзоси билан Николай Анисимовга огоҳлантириш хати юборилиб, унга “Модарихон” мажмуасидан 36,57 кв.м. бино-иншоот ижарага берилгани қайд этилган ҳамда мактуб давомида турли ҳужжатлар рўкач қилиниб, устадан бу ердаги жойлар энди танлов асосида ижарага берилиши, хоҳласа, танловда қатнашиши мумкинлиги, акс ҳолда эса, жойни бўшатиб қўйиш талаб этилган.

Мадрасада ўнлаб ҳужралар бўш, қаровсиз ётгани ҳолда, тарихий обидалар жонкуяри уста Николай Анисимов ижарага олиб турган арзимас жой, бир-иккита ҳужра учун бундай иддаолар ортиқча эканлиги ўз-ўзидан аён. Ҳолбуки, устанинг ёшларни йўқолиб бораётган миллий ҳунармандчиликка ўргатиш орзусини амалга ошириш учун унга амалий ёрдам кўрсатиш кераклиги кўп ҳам бош қотирадиган муаммо эмаслиги ўз-ўзидан ойдинлашади.
— Кошинпазлик ҳунари ҳам бир маҳаллар Бухорода пайдо бўлиб, кейин Эронга кўчган, — дейди Бухоро вилояти бош имом-хатиби Мансур Нуруллаев. — Энди у ерда бу ҳунар ривожланиб, ўзимизда йўқолиб кетди. Биз йўналишни тўғри олишимиз керак: вақтни бой бермай, қадимий ҳунармадчилигимизни, буюк аждодларимизнинг анъаналарини давом эттиришни истаганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватласак, уларга кўмаклашсак, эртага бу ўзимизга катта инвестиция олиб келади. Уста Николай айтмоқчи, маданий мерос объектлари бўлган қадимий мадраса ҳамда масжидларни ошхона, кафе, ресторан ёки савдо дўконига эмас, ўша қадимий йўналишига қараб ижарага бериш керак. Бугун тушадиган арзимас ижара пулларига қизиқиш бундай ишларни ўн йиллаб орқага суриб юборади. Энди кўзимизни очишимиз керак. Азалий анъаналарга қараб иш тутсак, бу бугун ҳам, эртага ҳам нафақат моддий, балки маънавий-маърифий даромад ҳам олиб келади. Президентимизнинг бу борада олиб бораётган сиёсатлари ҳаётга мана шундай муносабатда бўлишни талаб этмоқда, буни тўғри англаб, тўғри йўл тутишимиз керак. Қадимий иншоотлар ҳунармандларга берилса, “Устоз — шогирд” анъаналари яна тикланади, иззат-ҳурмат, маданият шаклланади.
Шойим Бўтаев.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг