Уругвайга қарши ўйинда Ўзбекистоннинг имкониятлари қандай?

Архив фото
Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Малайзияда Уругвай терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Ушбу баҳс олдидан икки жамоанинг имкониятларини таққослаб кўрамиз.
Умумий кўрсаткичлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда FIFA рейтингида 1453,31 балл жамғарган ҳолда 54-ўринни эгаллаб турибди. Бу эса Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа Осиёда 6-ўринда эканлигини билдиради.
Уругвай терма жамоаси эса ҳозирча FIFA рейтингида 1673,65 балл жамғарган. Бу эса жамоа айни вақтда 15-ўринда эканини англатади. Ўз навбатида бу Жанубий Америка минтақасида Бразилия, Аргентина ва Колумбиядан кейинги энг яхши натижа ҳисобланади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2025 йилни жуда яхши ўтказмоқда. Оқ бўрилар йил давомида 10 та ўйин ўтказишди. Улардан 6 тасида Элдор Шомуродов бошчилигидаги жамоа ғалаба қозонган бўлса, 4 та учрашув дуранг натижа билан якунланган.
Уругвай терма жамоаси эса 2025 йил давомида 7 та ўйин ўтказди. Доминикан Республикаси, Перу ва Венесуэла терма жамоаларини мағлубиятга учратди. Боливия ва Чили билан дуранг ўйнади. Парагвай ва Аргентинага мағлуб бўлди.
Мураббийлар
Ўзбекистон миллий терма жамоасини италиялик мутахассис Фабио Каннаваро бошқармоқда. Олтин тўп соҳибининг Оқ бўрилар бош мураббийлигидаги дебюти омадли чиқди — жамоа Қувайтни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Энди эса Каннаваро ва унинг штабини янада қийинроқ синов кутмоқда.
Уругвай терма жамоасини эса аргентиналик машҳур мутахассис Марсело Бьелса бошқармоқда. У 1955 йил 21 июль куни Аргентинанинг Росарио шаҳрида туғилган.
Бьелса 1975–1980 йилларда футболчи сифатида фаолият юритган. У бу давр мобайнида “Ньюэллс Олд Бойз”, “Институто” ва “Архентино де Росарио” клубларида тўп сурган. Аргентина олимпия терма жамоаси таркибида 4 та ўйинда майдонга тушган.
Мураббийлик фаолиятига катта эътибор қаратган Бьелса 27 ёшида ўзи тўп сурган “Ньюэллс Олд Бойз” клубида иш бошлаган.
1995–1996 йилларда Мексиканинг “Атлас” ва “Америка” клубларида ишлаган. 1998 йилда илк бор Европадан таклиф олиб, “Эспаньол” клубини бошқарган. Ўша йили у Аргентина терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланиб, 2004 йилгача жамоани бошқарди.
2007 йилда эса уни Чили терма жамоасига таклиф қилишди. У 4 йил давомида ушбу жамоани бошқарди ва жуда яхши натижалар кўрсатди.
2011 йилдан кейин Бьелса Европада “Атлетик Бильбао”, “Лацио”, “Лилль”, “Олимпик Марсель” ва “Лидс Юнайтед” клубларида ишлади. Унинг раҳбарлигида “Лидс Юнайтед” 16 йиллик танаффусдан кейин Англия Премьер-лигасига қайтди.
2023 йилда Бьелса Уругвай терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланди ва ҳозиргача ушбу лавозимда фаолият юритмоқда.
Футболчилар
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий устуни легионерлардан иборат. Жамоа етакчилари Англия, Туркия, Эрон ва БАА каби мамлакатларда тўп сурмоқда.
Уругвайлик футболчилар эса дунё бўйлаб турли чемпионатларда фаолият юритмоқда. Жамоа сафида қуйидаги жаҳон юлдузлари бор:
• Федерико Вальверде (“Реал Мадрид”)
• Мануэль Угарте (“Манчестер Юнайтед”)
• Роналд Араухо (“Барселона”)
• Родриго Бентанкур (“Тоттенҳэм”)
• Матиас Оливера (“Наполи”)
• Хосе Мария Хименес (“Атлетико Мадрид”)
“Transfermarkt” маълумотларига кўра, Уругвай терма жамоасида трансфер нархи 1 миллион евро ёки ундан юқори бўлган футболчилар сони 160 нафарга етган. Нархи 10 миллион евродан юқори бўлган футболчилар эса 17 нафарни ташкил этади.
Солиштириш учун, айни вақтда “Transfermarkt” бўйича Ўзбекистон терма жамоасида нархи 1 миллион евродан юқори бўлган футболчилар сони 15 нафар. Улар орасида фақат Абдуқодир Ҳусановнинг бозор қиймати 10 миллион евродан ошиб кетган.
Совринлари
Жамоаларнинг шу вақтгача ютган совринларига назар ташласак, Уругвай яққол устунликка эга эканини кўриш мумкин.
Ушбу терма жамоа шу вақтга қадар 2 бор Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган, 2 марта Олимпиада ўйинлари олтин медалига сазовор бўлган. Шунингдек, Жанубий Америка кубоги ҳисобланган “Копа Америка” мусобақасини 15 марта қўлга киритган.
Бундан ташқари, Уругвай терма жамоаси “Липтон Кубоги”, “Ньютон Кубоги”, “Копа Рио Бранко”, “Копа Артигас”, “Неру Кубоги” ва шунга ўхшаш ўнлаб тижорий турнирларда ҳам бир неча бор чемпионликни қўлга киритган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса бир мартадан Осиё ўйинлари, “CAFA National Cup”, “Мердека кубоги” ва “Наврўз кубоги” мусобақаларида ғолиб бўлган.
Ўзаро ўйинлар тарихи
Ўзбекистон ва Уругвай терма жамоалари шу вақтга қадар икки марта ўзаро тўқнаш келган.
Дастлабки баҳс 2018 йилда Монтевидео шаҳрида бўлиб ўтган ва унда майдон эгалари 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Иккинчи учрашув эса бир йил ўтиб, Хитойда ташкил этилган “Чайна Кап” мусобақаси доирасида бўлиб ўтган. Бу баҳсда ҳам Жанубий Америка вакили 3:0 ҳисобида зафар қучган.
Жамоаларнинг имкониятлари
Тан олиш керак, ўйин олдидан Марсело Бьелса бошчилигидаги Уругвай терма жамоаси фаворит сифатида қаралади. Аммо бу футбол — унда ҳар қандай натижа бўлиши мумкин.
Шу сабабли, ушбу баҳсда ҳам Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасидан кутилмаган сюрприз ва муносиб ўйин кутиш мумкин.
“Оқ бўрилар” учун бу нафақат кучли рақиб билан беллашув, балки ўз салоҳиятини жаҳон даражасида намоён этиш имконияти ҳам бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг