Уйчилик ёш кулол ўз маҳсулотини бешта давлатга экспорт қилмоқда

11:53 12 Ноябрь 2021 Жамият
576 0

Фото: "Халқ сўзи"

Наманган вилояти Уйчи туманидаги Ўнҳаёт қишлоғида яшовчи Абу Али Сайдуллаев кулолчиликни санъат даражасига кўтарган ёш иқтидор эгаларидан. Унинг лойга сайқал бериб ясаган лаган, коса, пиёла  ва бошқа буюмлари жарангдорлиги, ранглари жилоси ва нақшининг жозибаси билан эътиборни тортади. У якка тартибдаги тадбиркор сифатида ўз маҳсулотларини аввалига ички бозорга чиқарган бўлса, кейинчалик  ташқи  савдога қўл урди. Бундан икки йил муқаддам Латвияга юборган совғабоп лаганлари Болтиқбўйи давлатидаги харидорларга ғоятда маъқул келган эди. Эндиликда улар қаторига Литва, АҚШ, Грузия ва Россия давлатларидаги амалий санъат иштиёқмандлари ҳам қўшилган.

- Устахонамиздан чиқаётган маҳсулотларнинг жозибадорлиги сабаби, энг аввало, хом ашё билан боғлиқ, яъни биз махсус лойни кулолчилик  равнақ топган Риштондан олиб келамиз, - дейди ёш ҳунарманд. – Унга меҳримизни қўшиб ишлов берганимиздан сўнг чинакам санъат асарига айланади. Бугунги кунда тайёрлаётган 30 дан ортиқ турдаги буюмларимизга хорижда талаб ортаётгани шундан.

Абу Али ҳозирги кунда ўнга яқин шогирдлари билан асосан экспортбоп маҳсулотлар тайёрламоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида  40 минг АҚШ долларидан кўпроқ миқдорда ташқи савдо амалларини бажарди. Айни пайтда навбатдаги буюртмаларни бажариб, йил охиригача яна 20 минг долларлик маҳсулотни четга чиқариш ҳаракатида.

                                                                        

 Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?