Учқудуқда саксовулзорлар барпо этилмоқда

18:35 14 Декабрь 2023 Жамият
655 0

Фото: Халқ сўзи

Қизилқумнинг инжиқ табиатига дош берадиган ўсимликлар ичида энг чидамлиси саксовул ҳисобланади. Боиси саксовулларда сув талаб қиладиган барглар деярли йўқ — бу вазифани унинг бир йиллик новдалари ўтайди. Айнан шу новдалар ёрдамида бир гектар майдондаги саксовул бир ой мобайнида 70 куб метр кислород ишлаб чиқариш имкониятига эга. Унинг намликкача етган илдизлари орқали эса теграсидаги икки квадрат метр атрофидаги мавсумий гиёҳлар озиқланади.

Саксовулни ўзига хос биолабораторияга ҳам қиёслаш мумкин. Унинг танасида жон сақлаб кўпайган трихограммалар чўлни бир қатор зарарли ҳашаротлардан тозалайди.

— Энг муҳим хусусияти саксовул кучли шамолда қум кўчишларини сусайтириб, маданий ҳудуд ва адирликларни унинг тўфонидан асрайди, — дейди Навоий вилояти Қоракўлчилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси раиси Улуғбек Ҳалилов. — Шунингдек, саксовул чўл шароитида мол озуқаси ҳам ҳисобланади. Октябрь ойларида дони тўкилган пайтда яйловдаги қўй-қўзиларимиз шу донни еб ўзларини қиш олдидан тиклаб олади.

Хуллас ана шундай беқиёс хосиятларга эга ўсимликни асраб-авайлаш ва кўпайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этади. Шу туфайли бу юмушга давлат миқёсида эътибор қаратилиб, Қизилқум шимолидаги Учқудуқ тумани ҳудудида ҳам яшил ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш вазифалари белгиланган.

— Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 24-ноябрдаги “Республика ҳудудларида ўрмонзорлар, шунингдек, Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” барпо этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 2022 — 2026-йилларда 100 минг гектар майдонда саксовулзорлар барпо этиш вазифаси юклатилган, — дейди Учқудуқ туман ўрмон хўжалиги раҳбари Илҳом Саидов. — Жорий йилнинг эрта кўкламида шу режага асосан, 5,5 минг гектар ҳудудга саксовул уруғларини экиб, кузги экиш мавсуми учун 71,6 тонна саксовул уруғи йиғдик. Шу кунга қадар режадаги 13 минг гектар майдонда экишни тугаллаганмиз, янги йилгача қолган 7 минг гектарда ҳам бу юмушларни ниҳоясига етказамиз.

Туманнинг “Шалхар” овул фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган кўргазмали семинар Қизилқумда саксовулзорлар барпо этишнинг долзарб масалаларига бағишланиб, уни табиий ва инсон омили билан боғлик нобудгарчиликлардан асраш юзасидан тавсиялар берилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер