Трамп Бейонсе, Опра Уинфри ва Эл Шарптонни ноқонуний тўловларда айблади

13:21 28 Июль 2025 Дунё
159 0

Фото: «New York Post»

АҚШ президенти Дональд Трамп 2024 йилги сайлов кампанияси доирасида собиқ вице-президент Камала Харриснинг ғалабасига ҳисса қўшган машҳур шахслар — Бейонсе, Опра Уинфри ва Эл Шарптонни жавобгарликка тортишни талаб қилди. Бу ҳақда у ўзининг «Truth Social» саҳифасида ёзиб қолдирди.

Трампнинг фикрига кўра, юқорида номи келтирилган машҳурларга Харриснинг сайловолди кампанияси томонидан уларнинг қўллаб-қувватлови учун катта миқдордаги маблағлар ноқонуний тўланган.

«Президентлик сайловидан кейин демократлар томонидан тўланган катта маблағларга эътибор қаратяпман. Бу кулгили тўловлар ҳужжатларда нотўғри кўрсатилган. Қўллаб-қувватлаш учун ҳақ тўлашга рухсат йўқ. Бу қонунга зид! Агар сиёсатчи одамлар уни қўллаб-қувватлаши учун пул тўлай бошласа, барча нарса издан чиқиб кетади», деб ёзган АҚШ президент.

Трамп ўз баёнотида аниқ рақамларни ҳам келтирган, бироқ улар қаердан олингани ҳозирча номаълум.

Унинг иддаосига кўра:

  • Бейонсега 11 миллион доллар тўланган (у саҳнада ҳатто битта қўшиқ ҳам ижро этмаган ва томошабинларнинг норозилиги остида кетган);
  • Опра Уинфрига «харажатлар» учун 3 миллион доллар;
  • Эл Шарптонга эса 600 минг доллар берилган, Трамп шунингдек, уни «рейтинги паст ТВ олиб борувчиси» ва «жиддий етукликдан йироқ шахс» сифатида баҳолаган.

Маълумотларга кўра, ушбу уч машҳур шахс аввал ҳам демократлар номзодларини омма олдида очиқ қўллаб-қувватлаб келган.

Трамп бу каби маблағлар бошқа шахсларга ҳам тўланганини таъкидлаган. Камала Харрис штаби эса айбловларни рад этиб, барча тўловлар қонуний шартномалар асосида амалга оширилганини маълум қилган.

Расмий ҳужжатлар нимани кўрсатмоқда?

Федерал сайлов комиссияси ёзувларида келтирилишича, Харрис кампанияси Бейонсенинг продюсерлик компаниясига 165 минг доллар тўлаган. Бу тўлов «сайлов тадбири ишлаб чиқариш харажати» сифатида расмийлаштирилган.

Харрис штабининг баёнотига кўра, улар ҳеч қачон машҳур шахсларга қўллаб-қувватлаши учун пул тўламаган, аммо уларнинг иштирокига боғлиқ логистика ва хизмат харажатларини қоплашга қонуний мажбуриятга эга бўлган.

Трампнинг ушбу даъвосига жавобан CNN Оқ уйга изоҳ сўраб мурожаат қилганди. Аммо расмий жавоб қайтарилмаган.

Бундан ташқари, «FactCheck.org» ва «PolitiFact» каби машҳур факт текширув платформалари ижтимоий тармоқларда тарқалган «11 миллион доллар» ҳақидаги важларни нотўғри деб тасдиқлади.

Бейонсенинг онаси Тина Ноулз ҳам Instagram саҳифасида бу даъвони «ёлғон» деб атаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?