Трамп АҚШ Венесуэлани бошқаришини айтди. Аммо бу қандай кўриниш олишини ҳозирча ҳеч ким билмайди
АҚШ расмийлари Николас Мадурони қўлга олиш операциясини кузатмоқда. 2026 йил 3 январь
АҚШ томонидан Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш операциясидан бир неча соат ўтиб, АҚШ президенти Дональд Трамп матбуот анжуманида шундай деди:
«Биз хавфсиз, тартибли ва қонуний тарзда ҳокимиятни топширишни амалга ошириш имкони туғилгунига қадар мамлакатни бошқариб турамиз».
Венесуэлада на америкалик аскарлар, на ҳатто АҚШ элчихонаси мавжуд эканини ҳисобга олсак, АҚШ мамлакатни айнан қандай усулда бошқармоқчи экани ҳозирча ноаниқ.
Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи этиб вице-президент Делси Родригес тайинланди — у Мадуронинг содиқ ҳамсафдоши ҳисобланади. Трамп ундан «нефть ва бошқа ресурсларга тўлиқ кириш имкони беришни, шу орқали уларнинг мамлакатини тиклаш учун шароит яратишни» талаб қилди. Шунингдек, агар Родригес «ўзини тўғри тутмаса», уни Мадуродан ҳам оғирроқ тақдир кутиши мумкинлиги билан қўрқитди.
Журналистлар «Венесуэла вице-қироли» деб атаган рол норасмий маълумотларга кўра, АҚШ давлат котиби ва миллий хавфсизлик бўйича президент маслаҳатчиси Марко Рубиога берилмоқда. У Мадурога қарши операциянинг асосий мафкуравий ташаббускори ҳисобланади. ABC телеканалига берган интервьюсида Рубио «Венесуэлани бошқариш» деганда АҚШ «бу жараён қайси йўналишда ҳаракатланишини белгилаб беришини» назарда тутаётганини айтди.
CNN маълумотларига кўра, Рубио, мудофаа вазири Пит Хегсет, президентнинг ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Стивен Миллер ва Трамп маъмуриятининг бошқа амалдорлари Венесуэладаги янги ҳокимият тузилмасини ишлаб чиқмоқда. Бир неча ҳафта олдин улар Делси Родригесни ўтиш даври раҳбари сифатида тўлиқ қониқарли деб топишган. Улар унинг келишувга тайёр эканига ишонишмоқда.
Мадуро қўлга олинганидан сўнг дарҳол Родригес уни Венесуэланинг ягона қонуний раҳбари деб атаган, АҚШни империализмда ва ҳатто «сионистик фитна»да айблаган эди. Аммо бор-йўғи бир сутка ўтиб, у Трампни тинчлик ва мулоқотга чақиришга ўтди.
Трамп Венесуэла мухолифатини қўллаб-қувватлашдан ва 2024 йилги сайловларнинг амалдаги ғолиби ҳисобланган Эдмундо Гонсалес Уррутияни президент сифатида тан олишдан очиқчасига бош тортди. У сайловлардаги Мадуро «ғалабаси» оммавий сохталаштиришлар натижаси бўлган, деб ҳисоблайди. Кўринишидан, АҚШ маъмурияти Венесуэлада тўлиқ режим алмашуви бошқарувни йўқотишга олиб келади, деб ўйлаган ва камида ўтиш даврида мавжуд ҳокимият тизимини сақлаб қолишни маъқул кўрган.
Яна бир версияга кўра, бу қарор шахсий хафагарчилик билан боғлиқ: Трамп 2025 йилда Тинчлик бўйича Нобел мукофотини олган мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадога ҳокимиятни топширишни истамаган, чунки у бу мукофотни ўзи олиши керак, деб ҳисоблаган.
Рубионинг баёнотларидан келиб чиқиб, АҚШ Венесуэлада ўзига хос «контактсиз оккупация»ни амалга оширишни режалаштирмоқда: на оккупация қўшинлари, на маъмурият бўлади. Бироқ Кариб денгизида АҚШнинг йирик ҳарбий гуруҳи сақланиб қолади ва мамлакатни денгиздан тўлиқ блокада қилади. Агар янги ҳокимиятнинг хулқ-атвори америкаликларни қониқтирса, Венесуэла нефти юкланган танкерларга йўл очилади. Агар қониқтирмаса — Мадурони ағдарган операцияга ўхшаш янги рейдлар ўтказилиши мумкин.
Шу пайтда АҚШ ички ишлар вазири Даг Бергам ва энергетика вазири Крис Райт америкалик нефть компанияларини Венесуэлага сармоя киритишга кўндиришга уринмоқда. 2007 йилда президент Уго Чавес америкалик нефть компанияларининг активларини миллийлаштирган эди. Трамп маъмурияти 2025 йил декабрь ойидаёқ компания раҳбарларига «Венесуэлага қайтиш» таклифини билдирган, аммо улар буни рад этган: қарийб 20 йилдан сўнг қайтиш улкан сармоя талаб қилади, хавф-хатар эса қабул қилиб бўлмас даражада юқори, деб баҳоланган.
Натижада ғалати парадокс юзага келди. Оммавий чиқишларда Трамп америкалик нефть компаниялари Венесуэлага катта маблағ сарфлаб, катта фойда олишини айтади. Уни бошқа давлатда нефть учун режим алмаштиришга уринишда айблашмоқда. Аммо пинҳона нефть компаниялари бу «неъмат»дан воз кечмоқда ва Трамп таклиф этаётган шартларда Венесуэлага қайтишни ҳали-ҳануз истамаяпти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг